Англияда йўловчи поезди ўз йўналишини йўқотиб, адашиб қолди.
Шу йилнинг 25 май куни Буюк Британияда Ньюкасл – Рединг йўналиши бўйича барча темир йўл рейслари қолдирилди. Сабаби, Ньюкаслдан Редингга бориши лозим бўлган поезд адашиб Йоркшир графлигига бориб қолган.
«The Mirror»нинг хабар беришича, машинист билмасдан йўналишни ўзгартириб юборган. Машинистнинг айби билан юзлаб йўловчилар манзилига етиб бора олмаган. Бу вақт ичида йўловчилар интернет тармоқларида воқеа ҳақида маълумотлар беришган.
«Поездлар ҳам адашиб қолади деб ўйламаган эдим», деб ёзади йўловчи аёл ижтимоий тармоқда. Йўловчилардан яна бири эса Англиянинг шимолидаги ғарбий Йоркшир ҳудудида жойлашган Понтефракт шаҳрига келиб қолганини ёзган.
Англиянинг Cross Country Trains темир йўл хизмати бир соат ичида бу хатоликни аниқлаган ва поездни тўғри йўналишга қайтарган.
Умида Қурбонова