Бир неча кун давомида ушбу вирус дунёнинг 54 мамлакатидаги 500 мингдан ортиқ қурилмани зарарлаган.
Дунё бўйича юз минглаб интернет тармоғи қурилмалари киберҳужум қурбонига айланди, деб хабар беради «ТВ Звезда» портали.
Хавфли вирус веб-трафикни блокировка қилиб қўйиш билан бирга, офис ва хонадонларга уланган тармоқлардан ўтаётган маълумотларни йиғиб олиш ва қурилмани бутунлай ўчириб қўйишга қодир.
АҚШнинг Федерал қидирув бюроси ходимлари компютер ва шунга ўхшаш қурилмаларини янги хавфли VPNFilter вирусидан ҳимояланиш усулини топди.
Уларнинг фикрича, энг аввало, қурилмани ўчириб ёқиб, қайта ишга тушириш лозим. Бу эса тармоқни бир оз муддатга вирусдан ҳимоялайди.
Шунингдек, дастурий таъминотни ҳар доим ўз вақтида янгилаб туриш ўта муҳим бўлиб, қурилмадан масофадан туриб фойдаланишга йўл қўймаслик ва уни мураккаб маҳфий сўз билан ҳимоялаш лозим.
Мутахассисларнинг фикрича, гарчи юқоридаги ҳолатлар фойдаланувчиларни «ҳужум»дан тўлиқ ҳимоя қилолмаса-да, улар вирусни аниқлашга ва четлаб ўтишга ёрдам беради.
Янги VPNFilter вируси нафақат компютерлар учун, балки, интернет тармоғига улаш мумкин бўлган қурилмалар учун ҳам ўта хавфли экани қайд этилган. Бир неча кун давомида ушбу вирус дунёнинг 54 мамлакатидаги 500 мингдан ортиқ қурилмани зарарлаган.
Умида Қурбонова ЎзА