Минтақавий семинарда Ўзбекистондаги эътиқод эркинлиги юқори баҳоланди

Остонада “Зўрликка асосланган экстремизм ва терроризмнинг тарқалишига шароит яратаётган омилларни бартараф этиш” мавзуида минтақавий семинар ўтказилди. 
Ўзбекистонда 16 диний конфессия мавжуд бўлиб, уларнинг вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда, тинч-осойишта ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг барча ҳуқуқлари ҳимояланган бўлиб, улар ўртасига раҳна солиш, адоват қўзғатиш, фуқароларнинг диний қарашларини ҳақорат қилиш, диний қадамжоларни таҳқирлашга йўл қўйилмайди.
Шу мақсадда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш ва виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик доимий равишда такомиллаштирилаётир.
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Зўрликка асосланган экстремизм ва терроризмнинг тарқалишига шароит яратаётган омилларни бартараф этиш” мавзуида ташкил этилган минтақавий семинарда бу алоҳида қайд этилди.
БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) ва БМТнинг Терроризмга қарши курашиш бўйича тузилмаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон республикалари делегациялари ҳам қатнашди. Афғонистон Ислом Республикаси ва Россия Федерацияси вакиллари кузатувчи давлатлар сифатида иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси делегацияси аъзоси Бош прокуратура Ахборот-таҳлил бўлими катта прокурори Хушнур Мақсудовнинг Ўзбекистонда экстремизмга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан қилган тақдимоти, Ўзбекистон делегацияси иштирокчиларининг ушбу йўналишдаги қонунчилик, ҳукумат томонидан тасдиқланган аниқ тадбирлар режалари, шунингдек, ушбу соҳада амалга оширилган ишлар тўғрисида тақдим этган маълумотлари халқаро экспертлар томонидан ижобий баҳоланди.
Ҳозирги кунда миллатлараро тотувлик ва тинчликни таъминлаш, экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишда минтақавий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мазкур семинар бу борада муҳим аҳамият касб этади.

 

ЎзА