Куни кеча Эквадор қуролли кучлари ҳамда миллий полиция мамлакатда бўлиб ўтган тартибсизликлардан кейин 329 жиноятчини ҳибсга олиб, 5 жиноятчи йўқ қилингани ҳақида баёнот берди.

Мамлакат қуролли кучлари бирлашган қўмондонлиги раҳбари Хайме Вела Эрасонинг матбуот анжуманида маълум қилишича, ҳукумат кучлари 61 тўртта қурол ва 418 та турли ўлчамдаги ўқ-дорилар, 24 та портловчи қурилмаларни мусодара қилган, 329 нафар террорчи ҳибсга олинган, 41 киши асирликдан озод этилган, беш террорчи йўқ қилинган.

Унинг таъкидлашича, ҳарбий хизматчилар ва полициячилар уч маротаба қуролли гуруҳлар билан юзма-юз бўлган, қочқинда юрган 28 маҳбус қайтадан  қўлга олинган.

Президент Даниэль Нобоа 8 январда мамлакатда 60 кунлик фавқулодда вазият режимини эълон қилди. Бу вақтда мамлакат қуролли кучлари барча қамоқхоналарда тартиб ўрнатиши керак.

Шунингдек, Президент Нобоа мамлакатда ички қуролли можаро ҳақида эълон қилиб, армияга ўн минглаб аъзолари бўлган 22 та жинояий гуруҳни зарарсизлантириш ҳақида буйруқ берди.

“Мамлакат сўнгги кунларда бошдан кечираётган ички қуролли можарода ғалаба қозонади, деб баёнот берди Эквадор президенти Даниэль Нобоа.

Эквадор авваллари минтақадаги энг тинч мамлакат ҳисобланарди, бироқ  2018 йилдан бошлаб зўровонликлар тўлқини авж олди. Бунга сабаб Эквадор кокаин транзитининг муҳим нуқтасига айлангани бўлди. Жиноий гуруҳлар эса норкатрафик ва қамоқхоналарни назоратга олиш учун ўзаро рақобат қилмоқда. Турмада кечган урушларда юзлаб махбуслар қурбон бўлди.

2023 йилда мамлакатдаги сайловлар жиноятчилик билан боғлиқ вазият жуда оғирлашган бир шароитда бўлиб ўтди. Президент сайловининг биринчи босқичига икки ҳафта қолганида номзод  Фернандо Вильявисенсио ўлдириб кетилди. Қолган номзодлар ҳам жиноятчиликнинг турли кўринишлари билан юзма-юз келди. Улар ўтказаётган митинглар яқинида отишмалар уюштирилди. Натижада номзодлар сайловолди кампанияларини муддатидан аввал тўхтатишга мажбур бўлишди, якуний митингларда эса зирҳли нимчалар кийиб сайловчилар қаршисига чиқишга тўғри келди.

The Washington Post” газетасининг ёзишича, жиноятчиликка барҳам бериш амалиёти президент Дэниэль Нобоа сиёсий дастурига асосланган. Қолаверса,  2023 йил декабрда Эквадорнинг хавфсизлик хизматидан йигирмадан зиёд мансабдор шахслар ва бир қатор судялар наркокорчалонлар манфаати учун фаолият олиб борганликда айбланиб, қамоққа олинган эди.

2024 йил 8 январь куни тунда Кито ва Кеведо шаҳридан тўрт нафар полициячи ўғирлаб кетилди.

2024 йил 9 январда Эквадор  президенти Даниэль Нобоа Эквадор ҳудудида ички қуролли можаро тўғрисида фармонни имзолади. Шундан кейин бир неча турмаларда исён кўтарилди. Шаҳар кўчаларида қўлбола ясалган бомбалар портлатилди. Бир гуруҳ қуролланган кишилар “TC Televisión” телекомпаниясининг  бош офисига бостириб кирди. Босқинчилар студияда турган барча ходимни гаровга олганди.

Айни пайтда Эквадордаги хорижий элчихоналар жиноятчилик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви ва ички қуролли можаро эълон қилиниши фонида ўз мамлакати фуқароларини Эквадорга келишдан тийилишни қатъий тавсия этмоқда.

Перу ҳукумати эса Эквадор ва Колумбия билан чегарадош ҳудудларида 60 кунлик фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди.

 

С.Раҳимов, 

ЎзА