“Авваллари чет элга ишлаш учун кетган одамлар ҳақида турлича салбий фикрлар бўлар эди. Қўпол қилиб айтганда “кўча супуриш, бетон қуйиш учун кетган” дегандек сўзларни эшитар эдик. Аммо ҳозирги кунда мигрантларга нисбатан муносабат халқимиз орасида ҳам, хорижда ҳам бутунлай ўзгарди. Аслида, мигрантлар ўзи ишлаб топган ҳалол пулидан оиласини боқяпти, фарзандларини ўқитиб, олий маълумотли қиляпти, қолаверса, давлатимиз бюджетига ҳам даромад келтирмоқда. Энг қувонарлиси, касбий кўникмага эга, касб-ҳунарли ўзбекистонлик ишчиларга бутун дунёда талаб ортиб бормоқда. Шу сабабли, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари нафақат жисмоний балки ақлий меҳнат орқали ҳам мўмай даромад топмоқда…”

Бу Германияда ишлаётган наманганлик Музаффар Валижоновнинг сўзлари.

Музаффар ҳозирги кунда Германиянинг “Europa-Park” дам олиш масканидаги “Adventure Food” стадионида ошпаз ва сотувчи бўлиб ишлайди. У қувноқ ва самимий жамоасидан жуда миннатдор.

– Ҳафтада беш кун ишлаймиз, ишчиларга махсус кийим, тушлик берилади, – дейди 32 ёшли Музаффар Валижонов. – Бу ерда аниқ  ва қатъий иш вақти белгиланган бўлиб, шунга яраша ойлик маошлар ҳам ўз вақтида бериб борилади. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида шу ерда ишлаш имкониятига эга бўлдим. Агентлик томонидан бир ойлик суғурта қилинганмиз ва иш жойимизда ҳар қандай ҳуқуқий масалаларда ёрдам бериб боришади. Юртимиздан олисда бўлсакда, ҳар бир ўзбек фуқароси давлатимиз ҳимоясида эканлигини доимо ҳис қиламиз. Германияда мигрантларга муносабат анча ижобий. Сизнинг соғлиғингиз ёки сиздаги қайсидир муаммога улар бефарқ эмас. Ёрдам керак бўлса ўзлари керакли жойга бориб ёки тўлиқ маълумот бериб тушунтиради. Шу сабабли бу ерда мен ўзимни мигрант эмас, шу ҳудуднинг бир вакилидек ҳис қиламан.

Дарҳақиқат, бугунги кунда миграция масалалари барча давлатлар иқтисодиётида алоҳида ўрин тутади.

Эътиборли жиҳати, кейинги йилларда мамлакатимизда тизим билан боғлиқ вазият тубдан ўзгарди. Бу – фуқароларимизнинг хорижда ишлаши учун шароитлар яратиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кафолатли меҳнат бозори билан таъминлаш, юртимизга қайтиб келгандан кейинги тақдирига бефарқ бўлмаслик каби саъй-ҳаракатларда намоён бўлади.

Бу йўналишда бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши эса меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, жумладан, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, молиявий ёрдам бериш, тиббий хизмат кўрсатишнинг ишончли механизмларини яратишга мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Ўтган 2023 йилда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитиш орқали фуқароларни хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишларига кўмаклашиш, уларга ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш, хориждан қайтган меҳнат муҳожирлари бандлигини таъминлаш борасида самарали ишлар йўлга қўйилган.

– 2023 йил бошида халқаро ташкилотлар билан истиқболдаги вазифалар белгилаб олинган эди ва бир қатор самарали ишлар амалга оширилди, – дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Жаҳонгир Худойхўжаев. – Жумладан, миграция масалалари бўйича халқаро ташкилот (IOM)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан 2021-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харита”си, “Марказий Осиёда меҳнат миграциясини 2022-2026 йилларда амалга ошириш дастури”, “Буюк Британияга мавсумий ишчиларни ташкилий ёллаш дастурлари бўйича Ўзбекистон ва Буюк Британия манфаатдор томонлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган ишлар белгиланди.

“Winrock International” ташкилотининг Ўзбекистондаги офиси вакиллари ва “Юксак салоҳият” жамоат бирлашмаси билан “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси доирасида 2023 йилда хорижда ишлаётган ва ишлаш истагидаги фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида “Мигрантлар учун қўлланма” ишлаб чиқилди. Шунингдек, “МДҲ иштирокчи-давлатларининг умумий меҳнат бозорини шакллантириш ва ишчи кучи миграциясини тартибга солиш Концепцияси” лойиҳаси иштирокчи-давлатлар вакиллари томонидан кўриб чиқилди ҳамда “МДҲга аъзо давлатлар меҳнат мигрантларининг ҳужжатларини ўзаро тан олиш тўғрисида”ги намунавий келишувни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш белгиланди.

“Ўзбекистон Республикаси ва Қатар давлати ўртасида ишчиларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида Келишув” имзоланди. Ҳукумат қарори асосида ташкил топган хорижий сармоя иштирокидаги хорижий ишчи кучини ёлловчи 68 та корхонада ишлаш учун 1 589 нафар хорижий фуқароларга меҳнат фаолияти ҳуқуқи тасдиқномаси расмийлаштириб берилди.

Энг аввало, ноқонуний меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграциясини диверсификация қилиш доирасида хорижий давлатлар билан янги меҳнат бозорларига чиқиш ва мазкур йўналишдаги тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича ҳамкорлик жадаллаштирилди. Ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш, хорижда ишлаётган фуқароларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизими жорий этилди.

Агентлик берган маълумотларга кўра, ўтган йилда 24 та хорижий давлатларнинг 398 та йирик иш берувчи ташкилот ва агентликлар билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Саъй-ҳаракатлар, тизимли мулоқотлар натижасида Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича иш берувчи агентликлар билан 118 та шартнома имзоланишига эришилди. Йил бошидан иқтисодиёти ривожланган давлатлар билан ўтказилган музокаралар натижасида Агентлик билан ҳамкорлик келишуви имзолаган мазкур иш берувчи агентликларнинг 100 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари аниқланди. 60 мингта бўш иш ўринига талабнома олинди.

Натижада 38 минг 401 нафар фуқаронинг хорижий давлатларга ташкилий ва манзилли тартибда ишга жойлашишига кўмаклашилди. 2022 йилда ташкилий тартибда хорижий давлатга ишга жойлаштирилган фуқаронинг 40 фоизи ривожланган ва иш ҳақи юқори бўлган давлатларга юборилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 62 фоизга оширилди. Хусусан, илк бор 2 мингга яқин фуқаро Буюк Британияга, 500 нафарга яқин фуқаро Германияга юборилди. Жанубий Кореяга юборилган фуқаролар сони 1,5 бараварга кўпайтирилиб, 4,9 минг нафарга етказилди.

Бундан ташқари, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан 6 та меморандум имзоланди.

Айни кунгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик келишувига эга иш берувчи ва рекрутинг агентликлари сони 268 тани ташкил этиб, улар тўғрисидаги маълумотлар “labor-migration” дастурий мажмуасининг иш берувчилар реестрига киритилди.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2023 йил 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 36,2 миллион кишини ташкил қилган. Меҳнат бозори тадқиқотлари институти маълумотига кўра, меҳнат ресурслари сони ўртача 19,7 миллион, иқтисодий фаол аҳоли сони 15,1 миллион, иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар 13,9 миллион, шундан расмий секторда 6,3 миллион ҳамда норасмий секторда 5,5 миллион кишига тўғри келади. Ишга муҳтож бўлганлар 1,2 миллион кишини, ишсизлик даражаси ўртача 8,1 фоизни ташкил этган. Таҳлилларга кўра, 2023 йил декабрь ҳолатига хориждаги меҳнат мигрантлари сони ўртача 2 миллион кишини ташкил этмоқда.

Амалдаги субсидия ҳисобига меҳнат мигрантларига тақдим этилаётган суғурта полиси самарадорлигини ошириш мақсадида 10 дан ортиқ суғурта компаниялари ўртасида очиқ танлов ўтказилди ва танлов ғолиби “Капитал суғурта” АЖ билан 1 йиллик ҳамкорлик битими имзоланди. Унга кўра, суғурта ҳодисалари бўйича кўрсатиладиган хизматлар 3 тадан 6 тага кўпайтирилди.

Бунга бир йилгача муддатда ишлаш рухсатномаларини расмийлаштира олмаган ҳолларда ватанга қайтишда чипта харажатларини қоплаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганда унинг харажатларини (2,3 минг АҚШ долларигача) қоплаш, хорижда қийин вазиятга тушиб қолганда юридик хизмат харажатларини (1 минг АҚШ долларигача) ва яшаш жойисиз қолганда бир ойгача муддатга турар жой харажатларини (1,5 минг АҚШ долларигача) тўлаб бериш, оғир беморларни ташиш, зарурат бўлганда тез тиббий ёрдам кўчма бригадалари хизматларини (1 минг АҚШ долларигача) қоплаш, вафот этганда репатриация харажатларини (6 минг АҚШ долларигача) қоплаш киради.

Албатта, хорижда меҳнат фаолиятини олиб бориш учун касб-ҳунар, тил масаласи жуда муҳим. Бу борада меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш натижасида аниқланган иш ўринларини тўлдириш учун номзодларни мақсадли тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Бунда, бўлажак меҳнат мигрантларини касбларга ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги 32 та мономарказ ва унинг филиаллари, 53 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 13 та қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказлари ҳамда бошқа турли вазирлик ва идоралар, нодавлат таълим муассасалари, 10 та хорижий ҳамкорлар билан ташкил этилган 48 та ўқув курслари имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Биргина ўтган йилда 58 228 нафар хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар касб-ҳунар ва хорижий тиллар курсига ўқишга жалб қилинди. Улардан 56 692 нафари (30 га яқин турдаги) касбларга, 1 536 нафари (немис, рус, инглиз, корейс, япон ва бошқа) чет тиллари курсларига йўналтирилди. Шундан, хорижий ташкилот билан ҳамкорликда ташкил этилган касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курсларига бугунги кунда 2 мингга яқин фуқаро ўқитилмоқда. Ушбу курсларни тугатган 324 нафар фуқаро хорижга ишга юборилди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда миграция масалаларини тартибга солиш, хорижда ишлаётган ватандошларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Бироқ ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талайгина. Аҳоли орасида қонуний миграция тушунчасини кенгроқ тарғиб этиш керак. Фуқароларимиз хорижга ишга қонуний йўллар билан бориши кераклигини тушуниб етмоғи лозим. Ўшандагина юртдан олисда меҳнат қилаётган ҳар бир ватандошимиз давлатимиз ҳимоясида бўлади, ўзга ўлкаларда алданиб қолмайди.

Гўзал Сатторова,

ЎзА мухбири