Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик касбларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган талабгорларни касбий сертификатлаш тизими жорий этилди. Бунда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб педагогик касбларга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритади ва улар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Стажёр-ўқитувчиларга улар касбий сертификат олгунига қадар олий маълумотли (тоифасиз) ўқитувчининг базавий тариф ставкаси қўлланилади.

Бу ҳақда мавжуд қонунчиликда тегишли вазифалар белгилаб берилган.

Қайд этилишича, 2030 йил 1 январга қадар мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг (вазирлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмаларидан ташқари) бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Шунингдек, давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинган (боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг фарзандлари) тарбияланувчиларнинг давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги озиқ-овқат харажатлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилади.

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА