Нукусдаги И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида таниқли рассом Ислам Жақсибаев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Она юртнинг илиқ тафти” деб номланган кўргазма ташкил этилди.
Рассом 1943 йилда Нукусда туғилган. У мактаб даврида қўшниси туфайли расм чизишга қизиқади, «Ота портрети» номли биринчи ишини эса ўрта мактабда ўқиган даврида чизган.
И.Жақсибаев 1962 йилда П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртига ўқишга кирди. 1968 йилда мактабни тугатганидан сўнг, ўқишни давом эттириб, А.Н.Островский номидаги Тошкент давлат театр ва рассомлик институтининг талабаси бўлди. У Ўзбекистоннинг етакчи рассомларидан бири Р.Аҳмедовнинг устахонасида таҳсил олган. 1973 йилда институтни тугатганидан сўнг Нукусга қайтиб, Ўзбекистон бадиий фонднинг ишлаб чиқариш устахоналарида ижодкор – рассом бўлиб ишлади. Ўша йилларда И.В.Савицкий билан танишади. 1979 йилда бадиий фондда ишлашни давом эттириб, Нукус рассомлик билим юртига ўқитувчи сифатида ишга киради. 1980 йилда Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси бўлган.
Ислам Жақсибаев 1960-1980 йилларда Қорақалпоғистон рассомлик мактабини шакллантиришга катта ҳисса қўшган. Унинг енгил ва сокин палитраси анъанавий санъатга хос бўлган она юртнинг ёрқин ранг-баранглигининг бир қисмига айланди. Рассомлик устахонасидаги кўплаб ҳамкасблари сингари, у ҳам ўз ижодида қорақалпоқ анъаналари ва урф-одатларига мурожаат қилди. Лекин унинг асарлари қорақалпоқ этнографиясининг фотографик такрорланиши эмас, балки она юртнинг рассом томонидан яратилган бадиий тасвиридир (“Наврўз байрами. Кўпкари”, “Тўй. Беташар”, “Қовун бозори”). Унинг асарларида она юртнинг кўзга ташланмайдиган бурчакларига (“Эски қишлоқдаги кўча”, “Овулда пешин пайти”) алоҳида эътибор қаратган. Оддий одамлар, қариндошлар, дўстлар унинг портретларининг қаҳрамонларига айланиши бежиз эмас («Бола портрети»). Орол денгизи фожиаси унинг кўз ўнгида содир бўлган. Шу боис рассом бу мавзуни эътиборсиз қолдириб кета олмади. Унинг асарларида ушбу фожианинг бутун тарихи акс эттирилган – тўлиб-тошган Орол денгизидан жонсиз чўлгача (“Этюд.Қайиқлар”, “Орол”).
И.Жақсибаевнинг ижоди халқ этнографиясини ёрқин ифодалайди, Қорақалпоғистон табиати ва халқининг маънавий ҳаёти, гўзаллигини ўзида мужассам этади ва республиканинг бутун рангдор табиатини мавзули композицияларида ва портретларида акс эттиради.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари