Кейинги йилларда мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори чорвачиликка ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йил якунида, 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Наслчилик хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар ички истеъмол бозорини гўшт, сут, тухум маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш имконини оширмоқда. Тармоқда озуқа базасини кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ошириш, наслчилик соҳасига хусусий инвестициялар ҳажмини янада кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мавзу юзасидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг Чорвачиликда наслчилик ишларини ташкиллаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳрон Ялғашевга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.
– Ўтган йил сарҳисоб қилинган бир палладамиз. Келинг суҳбатимиз бошида бугунги кунда фаолият кўрсатаётган наслчилик хўжаликлари сони ҳақида қисқача маълумот берсангиз?
– Республикамизда наслчилик хўжаликлари сони 1 минг 604 тага етказилди. Жумладан, 1 минг 291 та қорамолчилик, 146 та қўй ва эчкичилик, 37 та йилқичилик ва туячилик, 51 та паррандачилик, 24 та балиқчилик, 23 та асаларичилик ҳамда 36 та бошқа йўналишларда наслчилик субъектлари фаолият кўрсатмоқда.
Уларда бугунги кунда 220 минг 400 бош қорамол,329 минг 600 бош қўй ва эчки, 2 минг 900 бош йилқи, 4 миллион 500 минг бош паррандалар парвариш қилинмоқда.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачилик, жумладан, наслчилик соҳасини ривожлантиришга эътибор ортди. Шу ўринда Президентмизнинг 2023 йил 25 декабрдаги соҳага доир қарорининг аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.
– Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан наслчилик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларга 50 фоиз миқдорида имтиёз берилганди.
Жойларда наслчилик ишларини тўғри ташкил қилиш, чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириш, халқимизни сифатли гўшт ва сут маҳсулоти билан таъминлашни яхшилаш мақсадида 25 декабрдаги “Наслчилик хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, наслчилик субъектлари асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлаш амалиёти 2025 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди. Бунда иқтисод қилинган маблағлар субъектнинг асосий фаолиятни ривожлантиришга йўналтириш белгиланди.
Мазкур қарорга кўра, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2023 йил 27 декабрдаги тегишли буйруғи қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария қўмитаси, ҳудудий Ветеринария бошқармалари ҳамда туман Ветеринария бўлими раҳбар ва мутахассислари томонидан мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини барча наслчилик субъектларига етказиш ҳамда тушунтириш ишларини олиб борилмоқда.
– Наслчилик ишларини тўғри ташкил этиш чорва мол бош сонлари ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ошишининг гарови саналади. Республикада наслчилик-селекция ишлари қандай ташкил қилинган?
– Мамлакатимизда 2019 йилгача сут ва сут-гўшт йўналишида бор-йўғи учта зот – Қора ола голштин, Қизил ола голштин ва Симментал зотлари парваришланган.
Бугунги кунга келиб чет давлатлардан гўшт йўналишидаги тез етилувчан қорамолларнинг олтита, сут йўналишида ҳам шунча янги зотлар олиб келинган. Уларни янада кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, майда шохли молларнинг зотини яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида қўй-эчкиларнинг янги зотлари келтирилди.
Маҳаллий қорамолларда сут маҳсулдорлик лактация даврида 2800-3000 литрни ташкил қилган бўлса, наслчилик хўжаликларида бу кўрсаткич деярли 2 баробар ортиқ – 5500-6000 литр сут соғиб олинмоқда.
Шунингдек, бузоқларнинг вазн олишида маҳаллий зотлар кунига ярим килограмм олса, наслли бузоқлар кунига бир килограммдан вазн тўпламоқда. Сўйиладиган бир бош маҳаллий зотдаги қорамолнинг ўртача тирик вазни 350 килограмм бўлса, наслчилик хўжаликларида бу кўрсаткич 390 килограммга етказилди.
Республикамизда бир бош сигирнинг ўртача сут маҳсулдорлиги 3 минг 400 килограмга ва сўйишга мўлжалланган бир бош қорамолнинг ўртача тирик вазни 390 килограмга етказилди. Натижада умумий подада соф зотли қорамоллар улуши 14 фоизга, насли яхшиланган қорамоллар улуши 70 фоизга етказилди.
Майда шохли молларда ҳам наслли қўй ва эчкичиликлар умумий подада соф зотли улуш 22 фоизга, насли яхшиланганлар улуши 69 фоизга етказилди.
Умуман олганда мамлакатимизда чорвачиликка қаратилаётган эътибор самара бермоқда. Айни пайтда олдимизда чорвани қишдан беталафот олиб чиқиш мақсади турибди. Бу бўйича ҳам тизимда барча зарурий чоралар кўрилган.
ЎзА мухбири Икром Аввалбоев суҳбатлашди.