Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сардори ва Италиянинг «Кальяри» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг машғулот жараёнида олган жароҳати миллий терма жамоамиз учун ҳам, “Кальяри” футбол клуби учун ҳам айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Ўзбекистон терма жамоасида унинг ўрнини кимлар эгаллаши мумкинлиги борасида мухлис-у мутахассислар ўртасида қизғин фикрлар билдирилаётган бир пайтда “Кальяри” жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери Италия чемпионатининг навбатдаги тури олдидан ўтган матбуот анжуманида Шомуродовнинг жароҳати жамоанинг ҳужум чизиғига жиддий таъсир кўрсатишини айтиб ўтган.

“Кальяри” жамоаси Италия чемпионати ва кубоги доирасидаги камида 7 та ўйинда Шомуродов хизматидан фойдалана олмаслиги билдирилмоқда.

Вазиятнинг айни кўринишда кечиши Шомуродов 2024 йилнинг 12 январь— 10 февраль кунлари Қатар футбол майдонларида ўтадиган Осиё кубоги ўйинларида иштирок эта олмаслигини англатмоқда.

Хўш, Осиё кубоги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоасида Шомуродов ўрнига ким майдонга тушади? Бу борада турфа фикрлар мавжуд. Терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанец бу борада Остон Ўрунов, Жалолиддин Машарипов, Игорь Сергеев, Бобур Абдухолиқов хизматидан фойдаланадими ёки умуман бошқача тактика қўллайдими, буни вақт кўрсатади.

Т.Рўзиев, ЎзА