Самарқандда ўтказилаётган шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича VI жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда.

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг мамлакатимизда илк бор ташкил этилган мазкур мусобақасида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан 300 нафардан кўпроқ шахматчи иштирок этмоқда.

Умумий соврин жамғармаси 1 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган мазкур жаҳон чемпионати дастурига кўра, 26-28 декабрь кунлари 13 турда рапид йўналиши мусобақалари бўлиб ўтди.

Амалдаги жаҳон чемпиони, норвегиялик Магнус Карлсен 10 очко жамғарган ҳолда VI жаҳон чемпионатида рапид йўналиши бўйича чемпион бўлди. Словениялик Владимир Федосеев иккинчи, хитойлик Янгйи Йу учинчи ўринни эгаллади. Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов мазкур йўналишда 9 очко тўплаб кучли ўнликдан жой эгаллади.

Аёллар гуруҳида ФИДЕ байроғи остида баҳсларда иштирок этган Анастасия Боднарук биринчи ўринни қўлга киритиб, 2023 йилги жаҳон чемпионига айланди. Ҳиндистонлик Ҳемпи Канеру кумуш, хитойлик Тингжи Ле бронза медалига сазовор бўлди.

Юртимиз шахматчи қизлари орасида энг яхши натижа Афрўза Ҳамдамовага тегишли бўлди.

Чемпионат эртага блиц йўналишида давом этади.

Ғолиб ҲАСАНОВ, Алмурод Мамадаминов (сурат), ЎзА мухбирлари.