РИА Новости ахборот агентлиги журналист Екатерина Дунцова томонидан Россиядаги президентлик сайловларида иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатлар тақдим этгани ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик, Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларда хато борлигини айтиб, Дунцовани рўйхатга олишни рад этди.
Агар ариза маъқулланса, у 2024 йил 25 январгача Россия вилоятлари аҳолисидан ўз номзодини кўрсатиш учун камида уч юз минг имзо тўплаши керак эди. Дунцова рўйхатдан ўтишига ишонган ва “рўйхатга олишни рад этиш учун ҳеч қандай асос йўқ” – деган эди.
РИА Новости шунингдек, сиёсатшунослар ва медиа экспертлар фикрларига таянган ҳолда гўёки Дунцова Ходорковский билан боғлиқ лойиҳаларга алоқадор бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтади. Биламизки, Ходорковский “қочқиндаги олигарх” ёки “ЮКОСнинг собиқ раҳбари” сифатида ўзининг ҳукуматга қарши фикрлари билан танилган.
“Взгляд” газетаси ҳам бу масалага ойдинлик киритишга уриниб сиёсий ток-шоуларнинг доимий эксперти саналган Никита Данюкдан иқтибос келтирди. У Дунцовани Ходорковскийнинг “лойиҳаси” ва унинг номзодини “чет элдаги кучларнинг Россиянинг ички сиёсатига аралашишга уриниши” деб атади. Аммо Ходорковскийга алоқадор ҳисобланган кишилар эса буни рад этмоқда. Дунцованинг ўзи эса бу масалага ойдинлик киритмаган. МСК эса Дунцованинг рўйхатга олинмаганлиги сабабини унинг ҳужжатларида хатолик борлиги билан изоҳлаган холос. Аммо Дунцова ҳам шунчаки таслим бўлиш ниятида эмас, у Марказий сайлов комиссиясини судга берди. “Мамлакатимизда қонун устиворлиги қай даражада эканлигини кўрамиз, агарда устувор бўлса биз ютамиз” – деган у.