Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб Абдулла Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институтида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаси директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ҳамда махсус портал орқали уларга менежерлик сертификатини электрон шаклда бериш тизими жорий қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан менежерлик сертификатига эга бўлган номзодлар орасидан мактаб директори лавозимига номзодлар захираси шакллантирилади.

Мактаб директори вакант лавозимларига номзодлар фақат сертификати мавжуд бўлган номзодлар захирасига киритилган кадрлар орасидан танлаб олинади.

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб менежерлик сертификатига эга бўлган қуйидаги раҳбар ходимларга ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати давомида лавозим маошига ҳap ойлик қўшимча устамалар тўланади: 

мактаб директорларига – 50 фоиз;

мактаб директори ўринбосарларига – 30 фоиз.

Ушбу қарор билан Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги Низом ҳам тасдиқланди.

ЎзА