Бугунги кунда деярли ҳар бир хонадон эгаси ўз автомобилига эга. Ҳатто айрим хонадонларда икки-учтадан автомобиль мавжуд. Бу эса бензинга бўлган талабни янада оширмоқда. Аксига олиб, автобензин нархлари ҳам турғун эмас.

Ички ва ташқи омиллар сабаб автобензиннинг нархида ўзгаришлар кузатилмоқда.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Достон Жалилов автобензин нархининг бу каби ўзгаришини қуйидагича изоҳлади:

– Яқинда илмий муассасамиз олимлари билан бензин нархининг кўтарилиши билан боғлиқ омилларни ўргандик. Албатта, бу масалага ойдинлик киритиш биз учун ҳам муҳим ва қизиқарлидир.

Биз 2022-2023 йилларда жаҳон бозорида нефть нархининг ўзгариши Ўзбекистонда автобензин нархига қандай таъсир кўрсатиши бўйича маълумотлар тўпладик.

Таҳлил натижаларига кўра, жаҳон бозорида нефть нархининг ўзгариши бир ой ўтганидан сўнг Республика товар-хомашё биржасида автобензин нархларида ўз аксини топмоқда.

Масалан, 2022 йил январь июнь ойларида нефть нархининг 39,2 фоизга ошиши биржада автобензин ўртача улгуржи нархининг 22,4 фоиз кўтарилишига олиб келган. 2022 йилниинг июль декабрь ойларида жаҳон бозорида нефть нархининг 33,2 фоиз пасайиши улгуржи нархларнинг ўртача 21,3 фоизга тушишига сабаб бўлган.

2023 йилнинг январь май ойларида жаҳон бозорида нефть нархининг барқарорлашиши ҳамда 2022 йилнинг 10 декабридан АИ-80 маркали автобензин учун акциз солиғи ставкасининг нолга туширилиши натижасида автобензиннинг ўртача улгуржи нархлари 4848-5060 сўм оралиғида шаклланди. Лекин 2023 йилнинг июнь-ноябрь ойларида автобензиннинг ўртача улгуржи нархи 5315 сўмдан 5860 сўмгача (10,2 фоиз) ошди. Ушбу даврда жаҳон бозоридаги ўртача нефть нархи 11 фоизга (73 АҚШ долларидан 81 АҚШ долларгача) қимматлашган.

Эконометрик таҳлил натижаларига кўра, автобензиннинг ўртача улгуржи нархи, шу жумладан, талаб юқори бўлган АИ-80 ва АИ-92 маркали бензинларнинг улгуржи нархлари жаҳон бозоридаги нефть нархига боғлиқ эканлиги аниқланди. Хусусан, жаҳон бозорида нефть нархининг 1 фоизга кўтарилиши автобензин ўртача улгуржи нархларининг бир ой кечикиш билан 0,30 фоизга ошишига, шу жумладан, АИ-80 бензинининг 0,32 фоизга, АИ-92 бензинининг 0,54 фоизга қимматлашишига олиб келиши маълум бўлди.

Тошкент шаҳрида автобензиннинг ўртача чакана нархлари эса ўртача улгуржи нархларига сезувчан бўлиб, улар бир хил ўзгариш динамикасига эга. Хусусан, Республика товар-хомашё биржасида автобензин улгуржи нархларининг 1 фоизга ўсиши, Тошкент шаҳрида чакана нархларнинг 0,29 фоиз ошишига олиб келмоқда. Лекин жорий йилнинг ноябрь ойида жаҳон бозорида 1 баррель нефть нархининг ўрта ҳисобда 81,35 АҚШ долларигача (октябрь ойидагига нисбатан 8,7 фоизга) пасайганига қарамасдан, декабрь ойида Тошкент шаҳрида АИ-80 автобензинининг ўртача чакана нархи (7611 сўм) ноябрь ойидагига (7440 сўм) нисбатан 2,3 фоизга кўтарилди.

Бу эса декабрь ойининг ўрталарида совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши билан метан гази таъминотидаги чекланишлар натижасида АИ-80 бензинига бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши билан изоҳланиши мумкин. Мамлакатимизда нефть ва автобензин маҳсулотларига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланиши сабабли жаҳон бозорида нефть нархининг ўзгариши ички бозорда автобензин нархига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда.

Хулоса шуки, автобензин нархининг ошиши нафақат ички талаб билан боғлиқ эмас, балки ташқи омил ҳам муҳим ҳисобланади. Яъни, Ўзбекистонда автобензин нархи бир ойлик кечикиш билан жаҳон бозоридаги нефть нархи билан уйғун тарзда ўзгаришига боғлиқдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА