Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ёш футболчилари ўзларининг ёрқин ўйинлари билан дунё футболи мутахассисларининг эътиборига тушмоқда.

Аниқроғи, ўтган йили кузда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз сафида порлаган Амирбек Саидовга айни кунларда бир неча хорижий клублар қизиқмоқда. Жумладан, «Бунёдкор» клуби аъзосига Англиянинг «Ливерпул» жамоаси эътибор қаратди ва уни кузатув остига олди. Шунингдек, Россия Премьер-лигаси вакилларидан «Краснодар» ва «Ростов» ҳам 18 ёшли футболчимиз учун курашга қўшилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Амирбек Саидов 2006 йилнинг 1 февраль куни туғилган. «Бунёдкор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Марказий ҳужумчимиз Ўзбекистон U17 терма жамоаси сафида жами 17 та учрашувда майдонга тушиб, олтита гол муаллифи бўлган. Ҳар икки қанотда ҳам бир маромда ўйнай оладиган Амирбек, ўз ёш тоифасида Япония, Сенегал, Испания, Англия ва Канада терма жамоалари дарвозаларини ишғол қилган.

***

Россия Премьер-лигасининг жорий йилги энг яхши ўйинчиси совринига даъвогар футболчилар рўйхати қисқарди.

Россияда йил ўйинчиси номи учун курашадиган футболчилар рўйхати эълон қилинди ва унда «ЦСКА» клубидан ҳамюртимиз Аббосбек Файзуллаев ҳам жой олди. Шунингдек, янги рўйхатдан 30 нафар Премьер-лига  футболчилари ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев ўтган йилнинг август ойида «Пахтакор»дан «ЦСКА» клубига кўчиб ўтган эди.

***

Европа Конференциялар лигасининг ярим финалидан ўрин олган учрашувлар ўз ниҳоясига етди. Унда «Астон Вилла» – «Олимпиакос» ўйинида 2:4 ҳисобида қайд этилди. «Фиорентина» эса ўз майдонида «Брюгге»ни 3:2 ҳисобида таслим қилди.

Шунингдек, Европа лигасида ҳам ярим финал ўйинлар бўлиб ўтди. Унда «Аталанта» «Марсел» билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган бўлса, «Баер» 2:0 ҳисобида «Рома»ни таслим қилди.

Маълумот учун, жавоб учрашувлари 9-10 май кунлари ташкил этилади.

***

Футбол бўйича Англия чемпионатининг 26-туридан ўрин олган «Челси» – «Тоттенхем» баҳсида «аристократлар» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, «Челси» турнир жадвалида 8-ўрнини мустаҳкамлади, «Тоттенхем» эса 5-ўринда қолди.

***

Россия кубоги финалида «ССКА» ва «Зенит» клублари ўзаро рақобатлашди ва учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Ушбу жамоалар ўртасидаги жавоб ўйини 15 май куни бўлиб ўтади.

Мазкур ўйинда, Ўзбекистон олимпия ва миллий терма жамоаларининг асосий футболчиларидан бири Аббосбек Файзуллаев 70-дақиқада захирадан майдонга тушди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА