Футбол бўйича Осиё чемпионлар лигасининг финал ўйини Ғарб ва Шарқ минтақасидан финалга йўл олган Бирлашган Араб Амирликлари ва Япония клублари ўртасида бўлиб ўтади.

Жорий йилнинг 11 май ва 25 май кунлари ўтадиган «Ал Айн»-«Йокогама Маринос» қарама-қаршилигида ўйинлар натижасида Осиё чемпионлар лигаси ғолиби  аниқланади.

Куни кеча Осиё футбол конфедерацияси икки клуб ўртасидаги ҳал қилувчи ўйинларни бошқариб борадиган ҳакамлар гуруҳини эълон қилди. Унга кўра, Ильгиз Танташев бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар жамоаси 25 май куни Бирлашган Араб Амирликларида ОЧЛ ғолиби аниқланадиган сўнгги учрашувни бошқариб боради.

Учрашувда И. Танташевга қанотларда Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам кўрсатса, Рустам Лутфуллин захира ҳаками вазифасини бажаради. Яна бир ўзбекистонлик футбол мутахассиси Санжар Шоюсупов захира ҳаками ёрдамчиси этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионлар лигасининг илк ўйини 11 май куни Японияда бўлиб ўтади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА