Бугун, 2 май куни пойтахтимизда бошланган бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати баҳсларини Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли ўтказди. Гуруҳ машқида иштирок этган терма жамоамиз аъзолари кўпкураш дастурида 69.95 балл жамғариб, олтин медални қўлга киритиш билан бирга «Париж-2024» йўлланмасига ҳам эга чиқди.
Юртдошларимиз 5 та ҳалқадаги чиқишда 36.60, 3 та тасма ва 2 та тўпдаги чиқишда эса 33.35 балл жамғаришга муваффақ бўлди. Иккинчи ўрин Япония жамоасига насиб этган бўлса, қозоғистонлик қизлар кучли учликка якун ясади.
Ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этган Мумтоза Исҳоқзода, Шаҳзода Ибрагимова, Ирода Содиқова, Эвелина Аталянс, Амалия Мамедова Ўзбекистон спортчиларининг «Париж-2024» Олимпиадасидаги умумий йўлланмалари сони 39 тага етишини таъминлади.
Бадиий гимнастика бўйича қитъа чемпионати баҳслари 4 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА