Расмий Вашингтон Россияни Украина аскарларига қарши хлоропикринли бўғувчи воситадан фойдаланиб, кимёвий қурол бўйича глобал тақиқни бузиш, тартибсизликни назорат қилувчи воситалардан “урушда” фойдаланишда айблади.

“Бундай кимёвий моддалардан фойдаланиш ягона ҳодиса эмас ва эҳтимол, Россиянинг Украина қўшинини мустаҳкам позициядан сиқиб чиқариш, жанг майдонида тактик ютуққа эришиш истаги билан изоҳланади”, – дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

Кўз, тери ва ўпкани қаттиқ тирнаш хусусиятига эга хлоропикрин Биринчи жаҳон уруши пайти кўп миқдорда қўлланган, дея изоҳ берган Қўшма Штатлар миллий Касбий саломатлик ва хавфсизлик институти.

Кўпгина давлатларда қисман аграр соҳада қўлланадиган бу суюқликдан 1993 йил Кимёвий қуроллар тўғрисидаги конвенция (CWC)га мувофиқ, урушда фойдаланиш тақиқланган.

Россия ҳозир ҳарбий соҳада заҳарли кимёвий элементлардан фойдаланмаётганини таъкидлайди, бироқ мамлакат бу борада шаффофликни ошириши учун босимга дуч келмоқда. Табиийки, Россия АҚШ айбловини рад этди.

– Ҳар доимгидек, бундай хабарлар мутлақо асоссиз ва ҳеч ким томонидан қўллаб-қувватланмайди, – деди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ОАВ вакилларига берган интервьюсида. – Россия бу масалада халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятига содиқ ва шундай бўлиб қолади.

Россия кучлари хлоропикриндан ташқари CS ва CN гази юкланган граната ҳам қўллаган, деб ёзди “Reuters” ой бошида Украина ҳарбийларига таяниб.

Айтилишича, камида 500 нафар украиналик аскар заҳарли модда таъсиридан даволанган, бир нафари эса кўздан ёш оқизувчи газдан бўғилиб, ҳалок бўлган.

Украина бош прокурорининг собиқ ўринбосари Гюндоз Мамедов ижтимоий тармоқ орқали Россия армияси сўнгги олти ойда Украина кучларига қарши 900 мартага яқин кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани ҳақида ёзди.

Норозилик намойиши пайти оддий аҳоли бундай газдан қочиб қутула олади, газ ниқобисиз хандакка қамалган аскарлар ё ўқ ёмғири остида қочиш ёки бўғилишга мажбур бўлади.

Макрон: Агар руслар фронт чизиғини кесиб ўтса,

француз қўшини Украинага юборилиши мумкин

Франция Президенти Эммануэль Макрон қайси ҳолатда Украинага қўшин юборишга тайёр турилишига аниқлик киритди ва Россия ғалабасининг олдини олиш учун ҳеч нима истисно қилинмаслигини билдирди.

– Агар руслар фронт чизиғини кесиб ўтиб, Украинадан сўров бўлса, биз ҳақли равишда қўшин юбориш тўғрисидаги масалани кўтаришимиз мумкин, ҳозир эмас, – деди у Британиянинг “The Economist” нашри мухбирига.

Макрон иттифоқчиларни мазкур сценарийни истисно қилмасликка чақириб, “Бу Европа Иттифоқи хавфсизлиги ва нуфузининг асосий шарти” деди. Унинг сўзларига кўра, Европа Россия ҳарбий ҳаракатини тўхтата олиши “қизил чизиқ бўлмаслиги”га боғлиқ.

– Ғарб давлатлари ўтмишда Украинага танк ва самолёт юборишни истисно этиб, ҳаддан зиёд иккиланган. Биз нима қилаётганимизни ёки нима қилмоқчи эканлигимизни ошкор этмаслигимиз лозим. Мен ҳеч нарсани истисно этмайман, чунки биз ҳеч нарсани истисно қилмайдиган одамга дуч келдик, –деди у Россия Президентини назарда тутиб.

Нафақа ёшидаги украин кўнгиллилари

зиддиятни бартараф этишга ҳисса қўшишни истайди

Украинадаги “Дашт бўрилари” кўнгиллилари расман мамлакат Қуролли кучлари таркибига кирмайди, аммо тузилма аъзолари зиддиятни бартараф этишга ҳисса қўшмоқда.

“Reuters” ёзишича, бўлинма асосан ёши 60 дан ўтган жангчилардан иборат. Улар ёши нуқтаи назаридан ҳарбий ҳаракатга сафарбар қилинмайди, аммо хизмат қилишни исташади.

Бўлинма таркибида саломатлиги билан боғлиқ муаммо туфайли ҳарбий хизматга жалб этилмаганлар ҳам бор, аммо улар фронт ортида қолишни истамаган.

Бўлинма сардори сўзларига кўра, кўнгиллилар ўқ-дори ва нафақага эга бўлиш учун расман Украина Қуролли кучлари таркибига қўшилишга ҳаракат қилган, аммо бу уриниш муваффақиятсиз чиққан.

– Киши истаса, 100 ёшида ҳам жангга бориши, топшириқни бажариши мумкин, – дейди 68 ёшли сардор Александр Таран сафарбарликнинг янги қоидасига муносабат билдириб. – Биз сон билан эмас, фақат маҳорат билан рақибдан устун келишимизкерак.

“Дашт бўрилари” хайрия маблағи ҳисобидан молиялаштирилади ва қўлда таъмирланган ёки ўлжа қилиб олинган қурол, ўқ-доридан фойдаланади. Бунинг устига, кўнгиллилар украин ҳарбийларини ҳам қайта тикланган қуроллар билан таъминлайди.

Кекса кўнгиллилар бўлинмаси фронт чизиғи яқинида пикапларда ва кузовига ракета қурилмаси ўрнатилган юк машиналарида ҳаракатланади. Ҳозир улар Запорожье вилоятида жанг қилмоқда. Минтақа раҳбари Юрий Малашко март ойи ўрталарида кўнгиллилар билан учрашган ва кекса жангчиларни “мардлик, жасурлик ва садоқат тимсоли” деб атаган.

Москвада ўлжа қилиб олинган техникалар кўргазмаси очилди

Москвадаги Поклон тоғида 1 май куни Украина ҳудудида эгаллаб олинган техникалар кўргазмаси очилди. Экспозициядан 32 намунадаги ҳарбий техника, жумладан НАТОга аъзо давлатлар армиялари ускуналари ўрин олган.

– Кўргазмада россиялик жангчилар зарбасига учраган танклар, зирҳли автомобиллар, НАТО мамлакатлари томонидан Украинага етказиб берилган Пиёдалар жанговар машиналари ва Зирҳли транспортёрларни томоша қилиш истагидаги юзлаб кишилар тўпланди, – дейилган ТАСС хабарида.

Шунингдек, кўргазмада немисларнинг “Leopard-2”, америкаликларнинг “Abrams” танклари, “Bradley” Пиёдалар жанговар машинаси, “М113” русумли Зирҳли транспортёр ва бошқа техника воситалари, ҳатто, америкаликларнинг “M88А1” таъмирлаш-эвакуация қилиш машинаси ҳам бор. Бундан ташқари, украинларнинг зирҳли транспортёри, “Козак” зирҳли автомобили, Т-72 ва Т-64 танки, чет эл армияларидаги ўқ отар қуроллар, украин ҳарбий хизматчиларининг алоқа воситаси, танкка қарши қурилма мажмуаси, мина ва дронлар ҳам намойиш этилмоқда.

Чодирдаги мультимедиа экранида зирҳли техникага зарба берилаётгани акс этган тасвирлар кўрсатилмоқда.

Кэмерон Киевда Зеленский билан учрашди

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон 2 май куни Киевга ташрифи чоғида Украинанинг Лондондан олинган қуроллар билан Россия ҳудудига зарба бериш ҳуқуқини маъқуллади.

– Киевда шундай ҳуқуқ бор, Россия Украина ҳудудига ҳужум қилмоқда ва мамлакат ўзини ҳимоя қилиш заруратини ҳис қилаётгани тушунарли, – деди Кэмерон.

Бирлашган Қироллик ташқи сиёсат идораси раҳбари Лондон томонидан Киевга ҳар йили 3 миллиард фунт стерлинг (3,5 миллиард евро) миқдорида ёрдам кўрсатилишини айтди. Шу билан бирга Украинага Британиядан янги қурол-яроқ етказиб бериш истиқболи ҳануз ноаниқ эканини ҳам тан олди.

Киевда у Президент Владимир Зеленский ва бошқа расмийлар билан учрашган.

Ўткир Мирзо тайёрлади.

ЎзА