ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманидаги 1-умумтаълим мактабида таълим жараёнини сифатли ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Бу ерда 759 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда.
Мактаб қошидаги эски устахона 2021/2022, 2022/2023 ўқув йилларида “Очиқ бюджет” портали орқали ажратилган 1 миллиард сўм маблағ эвазига реконструкция қилиниб, касбга ўқитиш марказига айлантирилган. Ҳозирда ўқувчи-ёшлар марказда ташкил қилинган дурадгорлик, тикувчилик ва пазандачилик йўналишидаги машғулотларда касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда. Устахоналар зарур анжом ва жиҳозлар билан таъминланган.
Мактаб жамоаси 2022/2023 ўқув йилида ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” кўрик-танловининг туман босқичида 2-ўринни эгаллаб, 75 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланган. Ушбу маблағ эвазига мактабга зарур ўқув жиҳозлари, яъни, чет тили хоналарига интерактив доскалар, хорижий тилни ўргатишга оид 200 дан ортиқ ўқув қўлланмалари ва адабиётлар сотиб олинган.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари “Беш ташаббус олимпиадаси”, футбол ҳамда миллий спорт турлари бўйича ўтказилаётган мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгалламоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА