Байрам арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида 15-сон мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 3-сон умумтаълим мактабининг қўшимча бинолари фойдаланишга топширилди.

1993 йилда 140 ўринга мўлжалланиб қурилган 15-сон мактабгача таълим ташкилотига давлат инвестиция дастури асосида 3 миллиард 836 миллион сўм маблағ ажратилиб, қўшимча 90 ўринга мўлжалланган янги бино қуриб битказилди. Замонавий бино “Моҳира-Бахт” масъулияти чекланган жамияти жамоаси томонидан қисқа муддат ичида қуриб битказилди. Натижада болажонлар барча имкониятларга эга, кенг ва ёруғ, иссиқ хоналарда таълим-тарбия олишга мушарраф бўлдилар. Конституция қабул қилинган кун уларга қўшалоқ байрам бўлиб келди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.  Тумандаги 3-сон умумтаълим мактабининг 464 ўринли мавжуд биносининг мукаммал таъмирланиши  ва 540 ўринли янги биноси қурилиши фикримиз исботидир. Ушбу ишларга 6 миллиард 696 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ҳозирда мактабда 850 нафар ўқувчи ёшга 60 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Мактаб биноси “Қирққиз махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамияти жамоаси томонидан қуриб битказилди.

Мактабгача таълим ташкилоти ҳамда умумтаълим мактаби қўшимча биноларини фойдаланишга топшириш маросимида сўзга чиққанлар йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги билан табриклади. Янгиланган Конституцияда илк маротаба узлуксиз таълим тизими, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олгани, таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилиб, янги нормалар билан мустаҳкамланганини қайд этдилар. Мазкур бинолар қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчилар муносиб рағбатлантирилди.

Тадбир иштирокчилари янги биноларда болажонларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири