Тиббиётимиз фидоийлар
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, бу борада Оролбўйига эътибор ва ғамхўрлик натижасида чекка ҳудуд аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати анча яхшиланди десак, муболаға бўлмайди.
Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч қабул бўлими терапевт- шифокори Оралбай Ерназаров 1973 йили Андижон давлат тиббиёт институтини доволаш иши мутахассислиги бўйича тамомлаб, Нукус шаҳридаги 1-сонли Республика марказий шифохонасида меҳнат фаолиятини бошлади. Сўнг ўзи туғилиб ўсган Мўйноқ тумани марказий шифохона поликлиникаси ҳудуд терапевт-шифокори, туман тери ва таносил касалликлар диспансери шифокори, туман марказий шифохонаси терапия бўлими мудири ва кўплаб лавозимларда аҳоли саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилди. 2022 йилдан ҳозирги вақтгача туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч қабул бўлими терапевт-шифокори бўлиб ишлаб келмоқда.
О.Ерназаров тиббиётнинг терапия йўналиши бўйича туман миқёсида танилган тажрибали ва малакали шифокорлардан ҳисобланади. Кўп йиллик фаолияти давомида зиммасига юклатилган вазифаларга сидқидилдан ёндашиши, юқори касбий маҳорати ва фидойилиги билан аҳоли ҳурматига сазовор бўлди.
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида республика, шаҳар ва туман марказий касалхоналари ҳузурида шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, шу жумладан, тез тиббий ёрдам ва санитария авиацияси хизмати ташкил этилиб, уларни юқори технологик тиббиёт ускуналари ва ихтисослаштирилган автотранспорт билан жиҳозлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан Тошкент шаҳрида ўтказилган “Шошилинч терапиянинг долзарб муаммолари” мавзусидаги республика конференциясида ўз маърузаси билан фаол иштирок этиб, мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. 2017 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган “Энг яхши мутахассис” танловининг республика босқичида “Энг яхши терапевт- шифокор” номинацияси бўйича ғолиб бўлди.
Бугунги кунда замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган шифохонада О.Ерназаров раҳбарлигидаги бўлимда 32 нафар тиббий ходим фаолият кўрсатиб келмоқда. 2020-2021 йилларда унинг раҳбарлигида бўлим шифокорлари томонидан 8,6 минг нафардан зиёд беморга шошилинч тиббий ёрдам берилди. Шу даврда 600 дан ортиқ шошилинч чақирув бўйича аҳолига малакали биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.
Кейинги йилларда туман тиббиёт бирлашма мутахассислари билан ҳамкорликда 12 минг нафардан зиёд аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишда, касаллиги аниқланган беморларни даволашда фаол иштирок этиб келмоқда. Ёш мутахассисларга касб сирларини мунтазам ўргатишдан чарчамайди. Сўнгги уч йилда 25 нафар шифокор ва 63 нафар ўрта тиббиёт ходимининг малакасини оширишда мураббий сифатида иштирок этди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Али Тоқсанбоев. –Туманимизда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда тор соҳа мутахассисларига эҳтиёж юқори эди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 17 майдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бошқа ҳудудлардан Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ҳар ойлик лавозим маошига 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча устама тўловлари тўлаб бериш белгиланди. Бугунги кунда Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларидан келган 22 нафар травматолог, реаниматолог, терапевт, педиатр, оилавий шифокор мўйноқликларга сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатишда кўп йиллик тажрибага эга Оралбай Ерназаров каби устозларимиз ҳамиша маслаҳатларини аямайди.
Мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, соҳани тубдан ислоҳ этишга қаратилган дастурлар ижросини муваффақиятли таъминлаш, замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун касб байрами арафасида бир гуруҳ соҳа ходимлари фахрий унвон, орден ва медалларга сазовор бўлди.
Уларнинг орасида Оралбай Ерназаровнинг ярим асрлик меҳнати муносиб баҳоланиб, II даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланди.
Ўз касбининг фидойиси, жонкуяр ва самимий инсон Оралбай Ерназаров мана шундай эҳтиромга муносиб.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири