Ўзбекистон ва Қозоғистон энг яқин қўшнилар ҳамда вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкорлардир.
Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг янги даври бошланди, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатлар жадал ривожланмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2023 йил 30 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани (Тошкент, 2022 йил 22 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолагани икки мамлакатнинг иттифоқчилик муносабатлари янада ривожланишига хизмат қилади.
Жорий йил 1 декабрдан кучга кирган мазкур қонун билан ратификация қилинган шартномада ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, миграция, саноат кооперациясини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, парламентлар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда яқин ҳамкорлик кўзда тутилган.
Шартноманинг ратификация қилингани икки халқнинг маънавий-маданий яқинлигини қўллаб-қувватлашга, маданият, илм-фан, таълим ва спорт соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шартнома иловасида давлат раҳбарлари бошчилик қиладиган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Олий давлатлараро кенгаши тўғрисидаги низом келтирилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА