Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги делегациясининг Америка Қўшма Штатларига ишчи ташрифи доирасида Ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалалари бўйича глобал директор Иффат Шарриф бошчилигидаги Жаҳон банки раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.

Учрашувда Ўзбекистон ҳукуматининг оила ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига эътибор қаратган ҳолда ижтимоий ҳимоя стратегиясини қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари қўллаб-қувватланиши таъкидланди.

Шунингдек, унда “иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” ташаббусини амалга оширишда мамлакатимизнинг иштироки юқори баҳоланиб, мазкур йўналишда Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирилди.

Музокаралар доирасида томонлар Жаҳон банки Бош офисининг Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини такомиллаштириш, «парваришлаш иқтисодиёти» секторини ва профессионал ижтимоий хизматни ривожлантиришга кўмаклашиш, республика ижтимоий ҳимоя тизимини турли омилларга мослаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.

ИҲМА аҳборот хизматига кўра, Жаҳон банки раҳбарияти «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоийлашувини таъминлаш учун Инновацион ижтимоий ҳимоя тизими» (ИНСОН) қўшма лойиҳасини амалга ошириш орқали техник ёрдам кўрсатишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлаган.

 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,  

ЎзА