Замин бекор айланмас экан,
Вақт фазода фитна тугади.
Юлдузларнинг гоҳи гоҳида
Ер шарига кўзи тегади.
Йўқ, шунчаки нур сочмас қуёш,
Тутқун сингил — Ой тўлмас бекор.
Товонимга кирган тиканнинг
Юпитерда ҳисоботи бор.
Тили бўлса айтсин денгизлар,
Эси бўлса тушунсин одам.
Юпанч учун келмас кундузлар,
Қўрқув учун туғилмас тун ҳам.
Ер дегани кулча нон эмас,
Ҳар ит тишлаб қочиб кетгали.
Пиёламас, Сомон йўлидан
Тош отганда синиб битгали.
Ер — Тангримнинг муҳри бор узук,
Муаллақмас, у жуда муқим.
Шубҳаланган бориб, уйғотиб,
Берунийдан сўраши мумкин.
Йўқ, бекорга айланмайди Арз,
Ғам, шодликда мувозанат бор.
Фақат қайтиб қутилинар қарз,
Катта, жуда катта ҳисоб бор.
Жуда катта даргоҳ бор — бешак,
Жуда улуғ нигоҳни кўрдим.
Бобом отган она Мамонтнинг
Гуноҳига мен қўрқиб турдим.
Томирдаги қоним кўп қадим,
Гарчи кўп бор тиғ урди риё.
Бухорийнинг таҳоратидан
Қолган сувга юз чайгил, Дунё.
Эй, сен, кўкка бир бор боқмаган,
Руҳи — банди, мудраган юрак.
Боланг “нон” деб қўл чўзган пайти,
Сенга Қуддус нимага керак!?
Панамангни ечгин бошингдан,
Мен дўппимни олай қўлимга.
Маҳатмани отган қотил ҳам
Кимга ўхшар, сенгами, менга?
Бунда чекма — димиқди олам,
Руҳиятни тутунлар қучди.
Уйғонолмай чирпанар болам,
Оёқлари Озонни тешди.
У билмайди, у маъсум гўдак,
Олдда қандай қисмат турганин.
Метеормас, қотиллар руҳи
Ерга тошлар отиб юрганин.
Зериккандан йўл тортмас қуёш,
У ноумид тўкмаётир тер.
Мени қувсанг, етолмасин деб,
Дили оғриб айланади ер.
Брунони ёқиб, сўнг унинг
Ёруғида ўқ йўнган, эй, кин,
Шарқ кўтарган машъала томон
Етсин дея айланар замин.
Бир карвонда кетаётирмиз,
Кетаяпмиз, йўлдошим, ишон.
Нечун совуқ зерикишингга
Пайғамбарлар бўлсинлар нишон?..
Айтмай десам, айтмоқ — менга фарз,
Ёзмай десам, юрак тўла шеър.
Боққил, қандай кенгдир бу олам,
Қара, қандай айланади ер.
Бешик каби чайқалади ер.