Италиядан хушхабар

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги маълумотларига кўра, В.П.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг ўқувчилари Италиянинг Барлетта шаҳрида ўтказилган ёш мусиқачиларнинг «Citta di Barletta» деб номланган йигирма саккизинчи халқаро танловида муваффақиятли иштирок этди.

Ушбу лицейнинг 8-синф ўқувчиси Баҳодир Раҳимов скрипка йўналишида, 2-синф ўқувчиси Асилбек Мирзааҳмедов скрипка йўналишининг «Junior» категориясида ўз маҳоратини намойиш этди. Танловда Италия, Россия, Словения, Литва, Эстония, Чехия, Руминия, Польша, Португалия, Жанубий Корея, Швейцария, Хитой ва бошқа давлатларнинг ёш мусиқачилари қатнашди.

Ёш мусиқачимиз Асилбек Мирзааҳмедов Гран-прига сазовор бўлди. Баҳодир Раҳимов эса биринчи ўринга муносиб топилди.

 

Назокат Усмонова, ЎзА