Шу кунларда Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Маъмуров бошчилигидаги делегация Россиянинг нуфузли таълим даргоҳларидан бири – М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети раҳбариятининг таклифига кўра, мазкур олий таълим муассасасида бўлиб турибди.

Бухоро давлат педагогика институти ректори Б.Маъмуров ва М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети ректори В.Садовничий томонидан илмий -тадқиқот ишларини ривожлантириш ва таълим сифатини ошириш тўғрисида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

–Мазкур шартномага мувофиқ, ҳар иккала олий таълим муассасалари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш, бакалаврият йўналишлари ва магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурлари имкониятини кенгайтириш зарур, –дейди Бухоро давлат педагогика институти ректори Б.Маъмуров. – Шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро алмашинуви, профессор-ўқитувчиларнинг стажировка ва малака ошириши, ҳамкорликдаги илмий тадқиқотлар, илмий ва таълимий лойиҳалар, дарсликлар, монография, ўқув-услубий қўлланмалар яратиш, мақолалар чоп этиш, илмий конференция, семинарлар ташкил этиш, таркибий тузилмадаги ўзгаришлар юзасидан ҳамкорликни кенгайтириш, ўқув жараёнини ташкил этиш ва бошқариш соҳасида тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорлик дастурларида биргаликда иштирок этиш, талабалар учун мутахассислик фанларидан маъруза машғулотлари ва курсларини мунтазам ташкил этиш вазифалари белгилаб олинди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири