Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича иккинчи глобал форум давом этмоқда.

Нуфузли анжуманда Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Президенти Пиа Каума видеомурожаат билан иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари аъзолари, МДҲ Парламент Ассамблеяси раиси Валентина Матвиенко, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси Бош котиби Мехмет Сурейя Эр, хорижий мамлакатлар парламентлари раҳбарлари, парламентлараро ташкилотлар, Ёшлар парламентлари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари форумда тўғридан-тўғри ҳамда онлайн тарзда иштирок этмоқда.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошқариб бораётган тадбирда  БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масаласига эътибор қаратилди.

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг ўз видеомурожаатида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II глобал форум юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. Кўрилаётган масалалар, улардан келиб чиққан таклиф ва хулосалар парламент ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига ижобий таъсир қилишини таъкидлади.

– Глобал форумда БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш тўғрисидаги”ги резолюцияси лойиҳаси муҳокама қилиниши катта воқелик. Бу резолюциянинг ташаббускори  бўлган Ўзбекистонга бу ташаббус ва қатъият учун миннатдорчилик билдираман, – деди М.Чунгонг.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА