Ўзбекистон анжуманлар саройида давом этаётган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича иккинчи глобал форумида парламент даражасида, энг аввало, қонунчиликни такомиллаштириш жараёнларида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанглик яратилгани эътироф этилди.

Парламентда қабул қилинаётган барча қонунлар миллий мақсадларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқилмоқда.

Кейинги икки йил давомида парламент комиссияси томонидан  12 та миллий мақсад, 70 дан ортиқ вазифа ҳамда 100 дан зиёд индикаторлар доирасида ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш натижалари комиссия мажлисларида муҳокама қилиниб, қарийб 30 нафар вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотлари эшитилди, тегишли қарорлар қабул қилинди.

– Биз икки йил аввал қабул қилган “Бухоро декларацияси” унинг асосида ишлаб чиқилган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияси билан тўла ҳамоҳангдир, – деди Сенат Раиси Т.Норбоева. – Умуман олганда, миллий мақсадларни амалга ошириш учун мамлакатнинг барча ресурслари сафарбар этилган. Барқарор ривожланиш мақсадлари амалий ифодаси нафақат республика органлари даражасида, балки тармоқ ва соҳалар, ҳудудлар ва маҳаллалар даражасида ҳам намоён бўлмоқда.

Хусусан, глобал таҳдидларга қарамасдан, миллий иқтисодиётимиз барқарор ўсиб бормоқда. Президентимиз мурожаатида қайд этилганидек, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш ва шу каби муҳим ижтимоий соҳаларда сифат ва самарадорликни ошириш ҳам устувор мақсадлардан этиб белгиланган.

Шунингдек, барқарор ривожланишнинг зарур шарти бўлган гендер тенгликни таъминлаш, самарали бандликни ошириш ҳамда аҳолини муносиб иш билан таъминлаш, барқарор инфратузилмани яратиш бўйича ҳам кенг кўламли чоралар кўрилмоқда.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА