Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Алоҳида уй-жойни (квартира, уй, квартиранинг ёки уйнинг бир қисмини) хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома ҳамда давлат мулки объектини хусусийлаштириш учун буюртманома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 25 мартдаги ПҚ-102-сон қарорига мувофиқ, давлат уй-жой фондига қарашли уйдаги квартирага (уйнинг бир қисмига) мулк ҳуқуқини эътироф этиш ваколати маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ўтказилиши белгиланган эди.

Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорга кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб хусусийлаштирилган уй-жойларга оид давлат ордерлари ва маълумотномалар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан берилади.

2024 йил 1 июлга қадар Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларида хусусийлаштирилган уй-жойларга оид давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш бўйича шаклланган ҳужжатлар базаси (архиви) тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларига топширилади.

“Тошкент шаҳар уй-жойларга давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш маркази” ДУК Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилади.

2025 йил 1 январга қадар ушбу корхона вазифалари туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказилади.

2024 йил 1 июлга қадар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан хусусийлаштирилган уй-жойларга оид давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш бўйича шакллантирилган ҳужжатлар базаси (архиви) рақамлаштирилади ҳамда тегишли идоралараро электрон тизимлар билан интеграция қилинади.

Қарор билан

  • алоҳида уй-жойни (квартира, уй, квартиранинг ёки уйнинг бир қисмини) хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби;
  • давлат хизматини туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш тартиби;
  • давлат хизмати йиғим ундирилмасдан кўрсатилиши белгилаб берилди.

Давлат мулки объектини хусусийлаштириш учун буюртманома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2024 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

Шунингдек, ушбу қарор билан нодавлат юридик ёки жисмоний шахслар томонидан давлат мулки объектини хусусийлаштириш учун буюртманома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби;

давлат хизматини Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали кўрсатиш тартиби;

давлат хизмати йиғим ундирилмасдан кўрсатилиши ҳам белгилаб берилган.

2024 йил 1 январга қадар ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш имконияти яратилади.

ЎзА