1-декабр-Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни
ОИВ инфекцияси – одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли касаллик ҳисобланиб, вирус бемор одам организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. Инфекция дастлаб яширин тарзда кечиши, бу давр бир неча ойдан 5-10 йилгача ва ундан ҳам кўпроқ вақт давом этиши мумкин. Касалликнинг яширин даврида вирусни юқтириб олган шахслар кўринишидан соғлом бўлиб, уларда касалликнинг ҳеч қандай белгилари кузатилмайди. Касалликнинг шу даври анча хавфли ҳисобланиб, инфекцияни юқтириб олган шахслар ўзлари билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириб юришлари мумкин. ОИВ инфекциясида меъёрда ишлаб турган иммун тизими йиллар давомида вируснинг тажовузини босиб туради. Аммо, вирус организмда кўпайиб аста-секин иммун тизимни мутлақо издан чиқаради ва натижада ОИТС ривожланади. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) – одамнинг иммун тизимини иммунитет танқислиги вируси шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган хасталикнинг сўнгги босқичидир.
Касалликнинг асосан уч хил: ОИВ инфекцияси бор шахслар билан ҳимояланмаган жинсий алоқа қилганда – жинсий; гиёҳванд моддаларни гуруҳ бўлиб томир орқали қабул қилганда, вирус билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда, зарарсизлантирилмаган (етарлича дезинфекция қилинмаган) жарроҳлик, доялик, стоматологик, сартарошлик ва бошқа асбоблар орқали тиббий муолажалар олганда, шприц ва игналардан умумий фойдаланилганда парентерал; инфекцияга чалинган ҳомиладор онадан болага ҳомиладорлик даврида жароҳатланган йўлдош орқали, бола туғилиши жараёнида туғруқ йўллари жароҳатланиши туфайли ва болани эмизиш жараёнида она сути орқали – вертикал йўл билан юқиши исботланган.
Қонга вирус тушгандан сўнг дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этади. Бу ҳолат ҳаттоки 8-10 ва ундан кўп йилларгача давом этиши мумкин. Шундан сўнг дастлабки клиник белгилар: сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал; одамнинг қисқа вақт ичида кескин озиб кетиши; ҳароратнинг узоқ вақт сабабсиз кўтарилиши ва ич кетиши (диарея); оғиз бўшлиғи ҳамда турли аъзоларнинг яллиғланиш белгилари; хавфли ўсмаларнинг ривожланиши намоён бўла бошлайди. Беморлар ОИВнинг бевосита таъсиридан эмас, балки юқоридаги қўшимча касалликларнинг асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмадилар.
Бугунги кунда ОИВ билан касалланган шахсни вирусдан бутунлай холи қилувчи дори воситаси мавжуд эмас. Бу борада дунё тиббиёти бироз ожизлик қилиб турибди. Бунга сабаб вируснинг ўта ўзгарувчанлигидир. Дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу инфекцияга қарши вакцина ва дори воситасини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Яқин йилларда бу касалликдан бутунлай холи қилувчи дори воситалари яратилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Қувонарли томони шундаки, бугунги кунда ОИВ инфекциясини юқтирган одамнинг умрини соғлом одамнинг умричалик чўзиш мумкин. Бунинг учун вирусга қарши даволаш усули – ретровирусга қарши терапия мавжуд. ОИВ ретровируслар оиласига мансуб вирус бўлгани учун унга қарши дори воситаларини ретровирусга қарши препаратлар деб, унга қарши даволаш усулини эса ретровирусга қарши терапия (РВқТ) деб юритилади. РВқТ вирусни тўлиқ йўқ қилмаса ҳам, унинг бемор организмида кўпайиб боришига йўл қўймайди, яъни унинг таъсирида қонда вируслар сони камайиб, иммунитет кучаяди, вирусга қарши курашувчи ҳужайраларнинг сони ортиб, беморнинг аҳволи яхшиланиб боради, ОИВ инфекцияли шахсни соғлом ҳаёт кечириши ва узоқ умр кўришига имкон яратади.
Г.Давлетова,
Г.Хабипова,
Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши кураш маркази шифокорлари.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги