Саудия Арабистони Қироллигининг Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ахборот агентликлари иттифоқи (UNА-OIC) ва Мусулмонлар жаҳон лигаси (МЖЛ) ҳамкорлигида “Оммавий ахборот воситаларида нафрат ва зўравонлик тарқалиши авж олишини камайтириш” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Дунёнинг 50 дан зиёд давлатлари ахборот агентликлари вакиллари, ислом оламининг машҳур уламолари, вазирлар ва халқаро экспертлар иштирок этган тадбир очилиш маросими, тўрт асосий сессия ва якуний қисмдан иборат бўлди.

Форум очилишидан аввал Қуръон тиловат қилинди. Сўзга чиққанлар бугунги кунда дунёда рўй бераётган воқеаларга, хусусан Яқин шарқдаги таҳликали вазиятга алоҳида тўхталди. “Медиа платформаларида нафрат сўзлари ва зўравонликка қарши курашда диний институтлар ва етакчиларнинг ўрни” мавзусидаги биринчи сессияда мафкуравий институтлар ва диний етакчиларнинг ёлғон ёки нохолис хабарлар, нафратни кучайтирувчи ва зўравонлик туйғусини уйғотувчи медиа маҳсулотларга қарши кураш масаласи муҳокама қилинди. Мавзу доирасида Ватикан, Ҳиндистон, Покистон, Аргентина, Иордания, Туркманистон, Россия, Сенегал каби мамлакатлар вакиллари маъруза қилди. Сессия якунида МЖЛ ва UNА-OIC ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Форумнинг иккинчи сессияси “ОАВда тарафкашлик ва нотўғри маълумот” мавзусига бағишланди. Халқаро масалаларни ёритишда тарафкашликка йўл қўйилиши, нохолис маълумотлар берилиш ҳолатлари ўрганилиб, мисол тариқасида Фаластин масаласи кўтарилди. ОАВнинг масалага нисбатан бир ёқлама қараши, фактларни бузиб кўрсатиши нафрат туйғусини кучайтиришга хизмат қилиши урғуланди. Шунингдек, воқеаларни ёритишда қўлланадиган нотўғри маълумотлар механизми ва айрим ОАВ ахлоқий ва профессионал меъёрни бузаётгани ҳақида сўз борди. Мавзу юзасидан қизғин мунозарага Швейцария, Миср, Тунис, Чад, Жибути, Хорватия, Қирғизистон, Ливия, Ўмондан келган мутахассислар қўшилди. Учинчи сессия муҳокамаси марказига “Халқаро медиада ахлоқий жавобгарлик” мавзуси қўйилиб, диний ва гуманитар масалаларни ёритишда журналистлар ва ОАВ вакилларининг ахлоқий жавобгарлиги масаласи муҳокама қилинди. Сессияда журналистларнинг жамият олдидаги масъулияти, нотўғри маълумот тарқатиш, ҳис-туйғуни бошқара олмаслик амалиётидан қочиш зарурлигига урғу берилди. Мунозарада Жазоир, Мавритания, Эрон, Қувайт, Ироқ, Сомали давлатлари экспертлари қаторида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ахборот таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Ўткир Алимов ҳам фаол иштирок этди.

“Нафрат нутқи ва экстремизмга қарши курашда халқаро дин ва оммавий ахборот воситалари альянсларининг роли” номли тўртинчи сессияни Мисрдаги Ислом университетлари лигаси бош котиби доктор Сами Муҳаммад Роби Ал-Шариф олиб борди. Сессияда нафрат сўзлари ва экстремизмга қарши курашиш учун халқаро даражада диний ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида самарали шериклик ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. ОАВ вакилларини диний жиҳатга эга муаммоларнинг нозиклигини ҳисобга оладиган профессионал ёндашувларни қабул қилишга ундаш йўллари таклиф қилинди. Дунё бўйлаб экстремистик фикрга қарши курашда саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш, тажриба алмашиш учун тегишли тузилмалар ўртасида халқаро медиа шериклиги ва иттифоқини ўрнатиш бўйича ғоялар тақдим этилди. Марокаш, Ливан, Камерун, Покистон, БАА, Россия каби бир қатор давлатларнинг вакиллари ҳам  сўзга чиқди.

Муҳаррама Пирматова, Ўткир Алимов, ЎзА  

Жидда, Саудия Арабистони