Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари ўртасида Иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ишларни давом эттириш масалалари ҳақида сўз юритди.

Қайд этилганидек,  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари ўртасида Иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Мазкур битимнинг мақсади иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсирига мослашиш салоҳиятини ошириш, шу билан кам углеродли, иқлимга чидамли иқтисодиётга ўтишни таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармаси имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бугунги ҳолати ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан амалга оширилаётган жорий лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувда лойиҳаларнинг жорий ҳолати тўғрисида маълумот алмашилиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА