Пекин ва Хитой шимолидаги шифохоналар болалар ўртасида нафас йўли касаллиги авж олишига қарши курашмоқда. Мамлакат COVID-19 билан боғлиқ қатъий чоралар юмшатилгандан кейинги илк қишга кириб келмоқда.
Мамлакат оммавий ахборот воситалари ёзишича, шифокорлар кўригини кутиш вақти бир неча соатга чўзилиб кетяпти. Шимолдаги йирик шаҳарларда баъзи болалар тиббий муассасаларида юзлаб беморлар навбатга туришган. Ҳозир кунига ўртача етти мингдан кўп беморни қабул қилиш касалхона имкониятига мос эмас. Тяньцзиндаги энг йирик педиатрия шифохонаси ўтган ҳафта амбулатория ва тез ёрдам бўлимларига 13 мингдан ортиқ болани қабул қилиб, рекорд қайд этди.
Хитой Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, нафас олиш йўли касаллиги кўпайишига, асосан грипп ва респиратор синцитиал вирус (РС) шунингдек, микоплазма пневмонияси, яъни, одатда енгил инфекция келтириб чиқарадиган, болаларга таъсир қилувчи бактериал инфекция сабаб бўляпти.