2018 йилги Қуръон мусобақаси мутлоқ ғолиби Нуриддинов Жолдасбой қори Иброҳим ўғли Қорақалпоғистондаги буюк диний сулола авлодларидан биридир. Унинг боболариниг устози Юнус қори Хива хонлигида ўтказилган қорилар мусобақасида (тахминан 1897 йилда) қатнашиб, совринли ўринни эгаллаганлар. Юнус қорининг қироатидан ғоят таъсирланган Хон Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон (Феруз) шу пайтда унга ўз отини совға қилган… Бу хусусида бизга хўжайлилик Файзулла Сапаров томонидан тақдим этилган воқеани қуйида батафсил баён қилмоқдамиз.

Маълумотларга кўра 1873 йилда фақатгина Амударёнинг ўнг тарафининг ўзида 600дан ортиқ мадраса ва масжидлар бўлган. Бу ўша пайтдаги аҳолидан ҳар 216 кишига биттадан тўғри келади, деган гап.

Шундай муқаддас қадамжоларнинг бири Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани Кенегес маҳалла фуқаролик йиғини ҳудудида жойлашган Муҳаммад Мурод Эшон масжидидир.

Бу масжид асосан Бобониёз охунд Абдураҳмон ўғли даврида жудаям обод бўлган ва Хива хонлигида маълум ва машҳур мадраса-қорихона бўлган. Бунга далил сифатида Бобониёз охундга Хива хони Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон тарафидан тухфа қилинган 100 таноб ер ҳақидаги ёрлиқни келтириш мумкин. Ҳижрий 1294 моҳи Мухаррамнинг 16-санасида ёзилган бу ёрлиқ жудаям катта илмий аҳамиятга эга. Бу даврда хонликда давлат тили ўзбек тили бўлганлиги ва ҳамма расмий хужжатлар ўзбек тилида араб ҳарфларида юритилганлигини ҳисобга олсак бу туркий тилларни ўрганишда жудаям муҳим далилий ҳужжатдир. Ёрлиқнома кўлами 22х33см, насталик услубида ёзилган, қоғози сариқ рангли бўлиб, кўп сақланиши натижасида пастки қисмлари шикастланган. Бундай ҳужжатлардан асл ҳолида бир нечтаси сақланган.

Муҳаммад Мурод эшон, ҳижрий 1307 ва 1335 йилги хужжатларда исмлари “Муҳаммаджон маҳзум ибн Бобониёз охунд марҳуми” деб келтирилади. Кейинчалик мадраса шу кишининг номлари билан юритилган. Катта ўғиллари Жумамурод охунд эса 14 йилгача отасидан илм олиб кейинчалик хонликнинг Оллоҳқулихон мадрасасида таълим олиб, сўнг ўзи ўқиган мадрасада устозлик қилган. Бу ҳақида марҳум Абдуҳолиқ кори шундай дейди: “мен ҳам Хивада Оллоҳқулихон мадрасасида ўқидим, Жумамурод акамиз ҳам устозлар қаторида мударрислик қилар эди. Унинг хон совға қилган марҳаба исмли ҳужралари бор эди. Устозлар орасида обрўли одамлардан бири эди”.

Бобониёз охунднинг кенжа ўғиллари Юнус қори эса Кўҳна Урганчда Зойир (Зоҳир) қоридан илм ўрганиб, кейинчалик Хивада Полвониёз қоридан Каломуллоҳни бир неча усулда ўқиш қоидаларини, араб-форс тилини ва бир неча Қурон тафсирларини ўқиб ўрганади.

Юнус қори хонликда бўлиб ўтган қорилар мусобақасида (тахминан 1897-йил) қатнашиб, совринли ўринни эгаллаганлар. Ҳафс қироатидан ташқари яна бир неча қироатда ўқиб берганидан кейин таъсирланган Хон Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон (Феруз) ўринларидан туриб ўзининг тўнини Юнус қорига кийдирган ва от олиб келишларига амр қилган. Келтирилган отга қараб: “ўзимнинг отимни келтиринглар дея амр қилганлар”. Юнус қорини хон ўз отига миндириб, отни юганидан ушлаб шу сўзларни айтади: “мен сен билан қанча сафарларга чиқдим, сени қамчиладим, мен сени яхши инсонга беряпман, мендан рози бўл” деб оти билан хайрлашган, – дея таърифлаган шогирдларидан бири Нуриддин қори.

Юнус қори Хивадан ўз эли Кенегесга қайтар экан, акалари Муҳаммад Мурод, Хўжамурод, Юсуф маҳзумларга бир гуруҳ уламолар хушхабар этказиб, қорини Эшонқалъа (Халқабод шаҳри яқинидаги қадамжолардан бири)га мударрисликка таклиф этадилар. Акалари рози бўладилар ва ёлғиз кетмасин деб, Юсуф маҳзум домлани ҳам қўшиб юборади. Юсуф маҳзум ва асосан Юнус қори илм ўрганувчиларга устозлик эта бошлайди. Юсуф маҳзум Эшонқалъада вафот этади ва Эшон қалъа қабристонига дафн қилинади.

Юнус қори ўта талабчан домла ва қаттиқ қўл инсон бўлганлар. Шунинг учун ҳам у юздан зиёд истеъдодли мураттаб қориларнинг устозидир.

Эшон қалъага Имом эшон авлодлари бошчилик қилар экан, қорақалпоқ миллатига мансуб бу кишилар ўзбек миллатига мансуб бўлган Юнус қорини ниҳоятда қадрлаганлар ва Юнус қори ва бошқа бир неча устозлар қўли остида, бир неча миллат вакилларидан қори-ю уламолар чиққан.

1913 йили Юнус қорининг катта акаси Муҳаммад Мурод домла вафотидан кейин Юнус қори ўз ўрнига шогирди Абдулкарим қорини қолдиради ва ўзи Тахиатош тумани Кенегесда оталари Бобониёз оҳунд мадрасасида мударрисликни давом эттиради ва бу эрда ҳам кўплаб мураттаб қориларни етиштириб чиқаради.

Мадрасада фақат диний эмас, балки дунёвий фанлардан ҳам дарс берилган. Булардан қиссахонлик, адабиёт, тарих фанлари ва халқ оғзаки ижоди оғизма оғиз шу кунгача етказилганлигини мисол қилишимиз мумкин. Шу билан бир қаторда бу маскан маънавий-маърифий жиҳатдан ҳам этакчилик қилиб келган. Бу борада қарийб 70 йил давом этган Собиқ тузум даврининг келтирган кулфатлари ва қилган қаршиликларига қарамасдан сақланиб қолган мадраса ҳужжатлар, араб ҳарфида туркий ёзувда битилган эски адабий китоблар ва Ўрта Осиё миллатлари маданиятидан сўзловчи достонларни яққол далил сифатида кўрсатишимиз мумкин.

Ҳозирги кунда “Муҳаммад Мурод Эшон” масжидидаги бу манбаларни чет давлатдан тарихчи, тилшунос олимлар ва қизиқувчилар келиб ўрганмоқда.

Бобониёз оҳунд мадрасаси ўрнида қурилган Муҳаммад Мурод Эшон масжидида шу йили ёз ойларида қайта таъмирлаш ишлари олиб бориш режалаштирилмоқда. Бу масжид барпо қилинишида Иброҳим Жумамуратовнинг улуши катта десак муболаға бўлмайди.

Юнус қорининг шогирди Нураддин қорининг ўғли бўлган Иброҳим Жумамуратов кўп йиллар давомида “Муҳаммад Мурод Эшон” жомъе масжидининг имоми вазифасини бажарди. Бу киши 2001 йили диёримизда ўтказилган “Имомлар” кўрик танловида қатнашиб, бепул ҳаж мукофоти билан тақдирланди.

Ушбу сулола вакиллари таълим олган Ислом билим юрти “Муҳаммад ибн Аҳмад Ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти эса 1992-йили Нукус шаҳрида фаолиятини бошлади. Бугунги кунда жуда кўп фахрли инсонлар ушбу билим юртини тугатиб, халқимизга, халқимизнинг диний тасаввурларини бойитишга, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда. Шулар қаторида Бобониёз оҳунднинг дувараси Яқуб қорини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Яқуб қори 2005-йили юртимизда ўтказилган мадрасалараро “Ягона олимпиада”да қатнашиб, фахрли 2-ўринни эгаллайди. Ўқишни 2005 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаган. Ҳозирги кунда “Муҳаммад Мурод Эшод” жоме масжидида имом вазифасида фаолият юритмоқда ва Қуръон мусобақаси 2018 йил 1-босқичида фаҳрли 2-ўринни эгаллади.

Бир неча йиллар давомида муқаддас қадамжолар тарихини ўрганиб келаётган Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог Ғайратдин Хожаниязов жомъе масжид худудидаги қудуқ ҳамда мадраса қолдиқларини ўрганди ва унинг таваллудининг 170 йиллигига бағишланган конференцияда тадқиқот натижалари ҳақида маъруза қилди. 2007 йил 10 ноябр куни мустақиллигимиз шарофати ҳамда Тошкент шаҳрининг Ислом пойтахти деб элон қилиниши муносабати билан Бобониёз охунд ўғли Муҳаммад Мурод эшон қабри устига мақбара тикланди.

Бу авлоднинг яна бир вакили, яъни Қурон мусобоқасининг 2018 йилдаги мутлоқ ғолиби Нуриддинов Жолдасбой қори Иброҳим ўғли 2011 йили 15 мартида Тошкент шаҳридаги “Фирдавс” жомъе масжидида бўлиб ўтган анъанавий қорилар кўрик танловида 2-ўринни, 2012 йил 1-ўринни олган. 2013 йил Қувайт давлатида бўлиб ўтган жаҳон қорилар мусобақасида иштирок этган ва Қуръон мусобақасининг 2018 йил 3-Республика босқичида Гран прини ютиб олди. Бу сулоланинг яна бир вакили Нураддинов Шамсиддин ўтган йили Муҳаммад ал-Беруний билим юртини тамомлаб Қуръон мусобақасининг 2018 йил 2-Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли 2-ўринни олди.

 

Есимқан Қанаатов