Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни олдидан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Тадбирда институт раҳбарияти, талабалар, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Аксилкоррупция ойлиги доирасида институтнинг Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими томонидан ташкил этилган тадбирни ўтказишдан мақсад фаолият очиқлигини таъминлаш, коррупцион хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий тизимларини жорий этиш бўлиб ҳисобланади.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Ушбу ҳолатга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, балки барчамизнинг вазифамиз эканлиги қайд этилди. Бунинг учун эса жамоатчилик назоратини кучайтириш ижобий самара беради.
Тадбирда тамагирлик, пора бериш ва олиш, маълум бир совға таклиф этиш эвазига фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига қарши ҳаракат қилиш қонуний ман этилиши, агарда мана шундай ҳолатлар юзага келса, жиноий жавобгарликка олиб келиши таъкидланди.
– Коррупцион ҳолат ҳақида бевосита ёки аноним хабар бериш учун махсус ишонч телефони ва телеграм бот фаолияти йўлга қўйилди,– дейди институтнинг Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Палмурза Хожабеков. –Бундан ташқари, ҳар бир факультетда аноним хабарлар учун адлия қутичалари ўрнатилган. Мана шундай тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши томонидан ўтказилган “Биз коррупцияга қаршимиз” танловида биринчи ўринни эгалладик. Бўлим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифларимиз тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилмоқда.
Тадбир иштирокчиларига коррупцион ҳолатларнинг салбий оқибатлари тўғрисида видеоролик намойиш этилиб, уларнинг фикр ва таклифлари тингланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири