Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани ташкил этилганининг 95 йиллигига бағишланиб турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, қорақалпоқ миллий таомларини тайёрлаш бўйича ошпазлар танлови ўтказилди. Туман оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан ташкил этилган танловда 16 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинидан вакиллар иштирок этиб, пазандалик маҳоратини намоён қилди. Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, “Жанабазар” овул фуқаролар йиғинидан Балзира Нуримова биринчи, “Жилуан жап” маҳалла фуқаролар йиғинидан Айжамал Раметова иккинчи, “Обод макон” маҳалла фуқаролар йиғинидан Сапура Ғайбуллаева учинчи ўринларга муносиб деб топилди.
Шунингдек, мини футбол бўйича мусобақада тумандаги корхона, ташкилот ва ўқув юртларидан жамоалар иштирок этди. Икки кун давом этган мусобақа якунида ғолиблар аниқланди. Биринчи ўринни туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, иккинчи ўринни спорт мактаби, учинчи ўринни 14-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоалари эгаллади.
Танлов ва мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари