2023 йилнинг 25 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама марказида бўлди.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда интеллектуал мулк объектларининг ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлашга ва сифатли давлат хизматларини кўрсатишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда аҳолига профессионал хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали бошқарув аппаратини яратиш, аҳолининг ҳуқукий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг тутган ўрни ва масъулиятини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг зиммасига интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилди.

Шунингдек, ушбу соҳадаги ислоҳотларни инобатга олган ҳолда қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, шу жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим тоифадаги давлат хизматларини кўрсатишда тақдим этиладиган имтиёзларни қонун даражасида мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур қонун амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ишлаб чиқилган, Интеллектуал мулк ҳамда Давлат хизматлари агентликларининг вазифа, функция ва ваколатлари Адлия вазирлигига ўтказилганлигини инобатга олиб, вазирликнинг ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, мазкур қонун билан Божхона кодексига киритилаётган ўзгартириш орқали эндиликда экспорт режимида ҳам интеллектуал мулкни ҳимоя қилиниши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш муддати қисқартирилмоқда.

Адлия органларига интеллектуал мулк ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни қўллаш ваколати берилмоқда.

Бундан ташқари, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма қўлланилиши белгиланмоқда.

Муҳокамада қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши давлат хизматлари сифатини оширишга ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини кучайтиришга ва ушбу соҳаларда самарали марказлаштирилган бошқарув тизимини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Шунингдек, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республика ижро этувчи ҳокимият органларининг номларини мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган институционал ислоҳотлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида, шунингдек, миллий мудофаа саноати йўналишида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиб, вазирлик ва идораларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича устувор йўналишлар белгиланди.

Қонун билан айрим қонунларнинг нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда, шунингдек, тугатилган, қайта ташкил этилган ва ташкилий бўйсунуви ўзгарган давлат органларининг ваколатлари қайси давлат органларига ўтказилганлиги аниқлаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида “O‘ztextreyd” ДУК тузилганлиги сабабли “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.

Маъмурий ислоҳотлар доирасида  Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси,  Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилган республика ижро этувчи ҳокимият органи этиб белгиланди. Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта номланганди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Сенаторлар қонун аграр, сув ҳамда мудофаа саноати соҳаларидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатларининг аниқлаштирилишига ва яхлит тизимини шакллантиришга хизмат қилишини алоҳида қайд этишди.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, шаҳарсозлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қонунда юридик шахс ташкил этмаган оилавий тадбиркорлик субъектлари меҳнат шартномасини тузган ҳолда беш нафаргача доимий ходимни ёллаш, шунингдек, бир оилавий корхона иштирокчисига бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўлиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.

Асосий мақсад маҳаллаларда ишсиз юрган кўпгина оила аъзоларини иш билан таъминлаш ва уларга енгилликлар яратишдан иборат.

Бундан ташқари, Божхона кодексига давлат ҳамда нодавлат спорт-таълим ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган махсус спорт кийим-бошлари, пойабзал, спорт анжомлари ва жиҳозлари ҳамда ускуналарининг эллик фоизи учун божхона божини тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу ўзгартиришлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини ривожлантиришга ҳамда спортчиларни профессионал даражада тайёрлашга катта имконият яратади.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатлари бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилаётганлиги муҳим аҳамиятга эгалиги айтиб ўтилди.

Қайд этилганидек, ушбу қонун архитектура ва қурилиш соҳасидаги ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этишга, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантиришга, шунингдек, спорт-таълим ташкилотларининг моддий-техника базасини яхшилашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан бирга Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида ушлаб бериш, маҳкумларни топшириш, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилиш ҳақидаги қонунлар кўриб чиқилди.

Муҳокамалар чоғида глобаллашув, тобора кучайиб бораётган миграция жараёнлари ҳамда терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик хавфи ортиб бораётган шароитда халқаро ҳамкорликнинг ишончли ҳуқуқий асосларини шакллантириш масалалари ниҳоятда долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8-9 июнь кунлари Италия Республикасига давлат ташрифи чоғида қатор икки томонлама шартномаларнинг имзолангани икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Рим, 2023 йил 8 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунда жиноят ишларини тергов қилиш ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юридик ёрдам кўрсатиш асослари ва шарт-шароитлари назарда тутилмоқда. Хусусан, сўровларнинг шакли ва мазмуни, ёрдам кўрсатишни рад этиш ёки кечиктириш асослари, сўровларни бажариш, ҳимоя чоралари, хавфсизлик кафолатлари, шунингдек, жиноят ишларини таъқибни давом эттириш учун ўтказиш каби муҳим масалалар бўйича қоидалар белгиланмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартноманинг ратификация қилиниши икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жиноят ишларини тергов қилиш ва суд муҳокамаси жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Шартнома (Рим, 2023 йил 
8 июнь) ратификация қилиниши Ўзбекистон ва Италия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташлари учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади.

Ҳужжатга кўра маҳкумларни топшириш қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ шартнома тузувчи томонларнинг мурожаатлари асосида амалга оширилади.

Муҳокамалар доирасида маҳкумларнинг жазони ўз мамлакатида ўташи уларга яқин қариндошлари билан мунтазам учрашиш имконини яратиши таъкидланди. Бу оилавий муносабатларга ижобий таъсир қилади, шунингдек, маҳкумларнинг жамият ижтимоий ҳаётига мослашишига ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Шартномада (Рим, 2023 йил 8 июнь) ҳар бир томон бошқа томоннинг сўровига кўра ўз ҳудудида аниқланган ва бошқа томон тарафидан қидирилаётган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки бундай шахсларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижро этиш учун бир-бирларига ушлаб бериши асослари ва шартлари кўрсатилган.

Мазкур шартноманинг ратификация қилиниши суд муҳокамаси самарадорлигини оширишга ва жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар шартномалар ратификация қилинишига доир қонунларни қўллаб-қувватлади.

Бундан ташқари, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси доирасида “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама чоғида сенаторлар Ўзбекистон ва Қозоғистон энг яқин қўшнилар ҳамда вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкорлар эканини алоҳида таъкидлади. Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг янги даври бошланди, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатлар жадал ривожланмоқда.

Шартноманинг асосий мақсади икки мамлакат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган давлатлараро муносабатларнинг янги босқичини шартнома-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашдан иборат экани қайд этилди.

Шартнома ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, миграция, саноат кооперациясини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, парламентлар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни назарда тутади.

Сенаторлар шартноманинг ратификация қилиниши икки халқнинг маънавий-маданий яқинлигини қўллаб-қувватлашга, маданият, илм-фан, таълим ва спорт соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган фикр билдирди.

Шартнома иловасида давлат раҳбарлари бошчилик қиладиган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Олий давлатлараро кенгаши тўғрисидаги низом келтирилгани алоҳида таъкидланди.

Муҳокама якунлари бўйича Сенат шартномани ратификация қилишга доир Қонунни маъқуллади.

Шунингдек, ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ва Сенатнинг қабул қилинган қарорига мувофиқ Джахангир Бахтиярович Джураев бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала юзасидан ҳам Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 14 та масала, шу жумладан, 12 та қонун муҳокама қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ еттинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

 Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати