Бугунги кунда рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш банк-молия тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишига айланмоқда.

Хусусан, кейинги йилларда Ўзбекистонда банк-молия секторини модернизация қилиш, валюта бозорининг либераллашуви мамлакатимиз иқтисодиётида хорижий инвестициялар ҳажмининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган “Кейинги асрга навигация: чақириқлар ва ваъдалар” мавзусида ўтказилган 14-Босфор саммитида иштирок этди.

Саммитда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков қатнашди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати маълумотида.

Марказ директори ўз нутқи аввалида Босфор саммити турли соҳаларда келажак истиқболларини, режаларни кўриб чиқиш ва фикр алмашиш учун етакчилар, экспертлар ва манфаатдор шахсларни бирлаштирган муҳим халқаро платформалардан бири эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, саммит иштирокчиларига Ўзбекистон банк-молия соҳасидаги бугунги ислоҳотлар, келгусида “Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, ҳукумат 2020-2025 йилларда Ўзбекистоннинг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига мувофиқ соҳада самарадорлик ва молиявий барқарорликни ошириш, банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва тизимдаги давлат улушини камайтириш борасида ислоҳотларни амалга ошираётгани ва эришиладиган мақсадлар ҳақида гапирди.

–2020-2025 йилларда Ўзбекистон банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясининг амалга оширилиши банк секторининг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ролини кучайтириш, янги инвестор ва технологияларни жалб қилиш, ўз-ўзидан банк бозорида рақобатни кучайтириш имконини берди, – деди Элдор Туляков.

У соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилиб, тўлов инфратузилмасини ривожлантириш рағбатлантирилаётгани, масофавий банк хизматларини кўрсатишга ихтисослашган тўлов компаниялари сафи ортиб бораётгани, умуман, Ўзбекистон ушбу секторни рақамли трансформация қилиш доирасида эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам мамлакатда молия-банк секторини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўзланганини алоҳида таъкидлади. Унга кўра, банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, омонатлар ҳажмини 4 баробарга ошириш вазифаси белгиланган.

Бундан ташқари, банкларни хусусийлаштириш ва давлат ихтиёрида 3-4 тасини сақлаб қолиб, банк бозорига камида 4 та йирик нуфузли чет эл банкини жалб қилиш орқали уларнинг капиталлашуви, самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, янги технология ва халқаро стандартларни жорий қилиш, банк секторининг жаҳон молия тизимига интеграциялашувини кучайтириш мақсад қилинмоқда.

Дарҳақиқат, стратегияда банкларга халқаро тан олинган минимал стандарт ва талабларни жорий қилиш орқали меъёрлар ва назорат базаларини такомиллаштириш, камида 3 та тижорат банкида Ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш, унинг қонуний асосларини шакллантириш, судга киритилган даъволар бўйича кредитларга оширилган фоиз ва жарима ҳисоблашни тўхтатиш механизмларини йўлга қўйишдек муҳим вазифалар белгиланган.

 

Абдулазиз РУСТАМОВ,

ЎзА