Ўзбекистон Фанлар академиясининг 80 йиллиги олдидан
Дунёда шундай инсонлар борки, уларга таъриф бериш қийин. Баъзиларда чуқур билим бор, лекин уларга истеъдод етишмайди. Айрим одамларда кучли истеъдод бор, аммо етарлича билим кўникмаларига эга эмас. Яна кимлардадир истеъдод ҳам, билим ҳам юқори даражада, лекин инсонийлик жиҳатидан уларни мақтай олмаймиз.
Яна бир саноқли, сара инсонлар тоифаси борки, улардан теран билимни ҳам, кучли истеъдодни ҳам, ажойиб инсонийлик фазилатларини ҳам топа оламиз.
Шундай инсонлардан бири Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти тарих бўлимининг бошлиғи, тарих фанлари доктори, профессор Асқар Жумашевдир.
Халқимизда “Бўлар бола беш ёшидан маълум” деган ибратли гап бор. Бўлажак олим болалигидан билимга чанқоқ эди, айниқса, география фанига қизиқди. У дунё юзи харитасидаги манзилларни отаси Мамбет оғадан қайта-қайта сўрарди. Отаси педагог бўлганлиги боис, устозларга хос жавоб берар, ўғлининг истеъдодидан севинарди. Ўқишдан сўнг ёш Асқар футбол ўйнашга борарди. Унинг энг севимли спорт тури футбол бўлди. У мактаб йилларида ҳам, кейин талабалик даврида ҳам ҳар хил мусобақаларда иштирок этиб, бир неча марта ғолибликни қўлга киритган.
1986 йили Нукус (ҳозирги Қорақалпоқ) давлат университети, тарих факультетига ўқишга кирди ва 1991 йили уни тугатди. Университет ректорати Асқар Жумашевни ўқитувчи сифатида ишлашга таклиф қилди. Бу пайтда у қарор қабул қилган эди. Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Н.Давкараев номидаги Тарих, тил ва адабиёт институтига ҳужжатларини топширди ҳамда илмий ишларини бошлаб юборди.
Асқар Жумашев тарих фани бўйича бир неча юзлаб адабиётларни, архив материалларини кўриб, қиёслаб, тадқиқот ишларини олиб борди. Бу изланишлар, тинимсиз меҳнат олимнинг эришган ютуқларида ҳам аниқ кўринади. Олим ХХ аср Қорақалпоқ давлатчилиги тарихи, сиёсий элита, собиқ иттифоқ ҳукуматининг репрессия, коллективлаштириш сиёсати, демография ва бошқа муаммолар бўйича кенг қамровли илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Асқар Жумашев 1924-1941 йиллардаги Қорақалпоғистон ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тарихи бўйича мутахассис ҳисобланади. Унинг тадқиқотлари Қорақалпоғистон Республикасида давлат бошқарувининг собиқ иттифоқ тизимини ўрганишга қаратилган.
А.Жумашев 2003-2004 йиллари DAAD стипендиати бўлди. 2005-2006 йиллари Герда Хенкел жамғармаси стипендиати бўлиб, катта натижаларга эришди. 2005-2007 йиллари “From History to Histories: Teaching the Past froma Local Perspective” ёзги мактаби иштирокчиси сифатида фаоллик кўрсатди. Шу билан бирга, Россия Федерацияси, Санкт-Петербург шаҳридаги Европа университети ташкилотчиларидан бири ҳам ҳисобланади. Бундан ташқари, 2006-2008 – “Ўрта Осиё тарихини қайта кўриб чиқиш” семинарида ўзининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича маърузалар қилди. У Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳридаги “Ўқув маркази – Билим – Марказий Осиё” корпоратив фонди ташкилотчиларидан бири.
2009-2011 йиллари Германия Федератив Республикаси Берлин шаҳридаги Гумбольдт университети Александр фон Гумбольдт номидаги жамғарма стипендияси соҳибига айланди. 2016 йил октябр-декабр ва 2019 йил июл–декабр ойларида ушбу жамғарма доирасида илмий амалиётда бўлди.
Асқар Жумашев Герда Хенкель фонди доирасида Россия Федерацияси Москва, Оренбург шаҳарларида, Қозоғистон Республикаси Олмаота, Қизил-Орда шаҳарларида ва республикамиздаги илмий-тадқиқот марказларида, кутубхоналар ва архив фондларида тадқиқот ишларини олиб борди. Унинг раҳбарлигида 1 нафар тарих фанлари номзоди, 2 нафар тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ишларини ҳимоя қилди. Олимнинг республика илмий журналларида 90 дан ортиқ илмий мақоласи чоп этилди.
Асқар Жумашев болалик кезларида ток уриши оқибатида икки қўлидан айрилиб, ногирон бўлиб қолган. Бу кўнгилсиз ҳодиса унинг ота-онаси, қариндошлари, дўстларининг кўз ёшларига сабаб бўлди. Сунъий қўллари билан ручкани тутиб, компьютер клавиатураларини босиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб боришига тўғри келди ва бу давом этмоқда.
Билим, ақл-идрок, истеъдод ва одамгарчилик фазилатларини ўзида жамлаган олим илмий-тадқиқот ишларидан ташқари, Ўзбекистон Фанлар академияси ходимлари ўртасида ҳар йили ўтказилаётган спортнинг мини-футбол ва шахмат мусобақаларида фаол иштирок этиб келади.
Тарих фанлари доктори, профессор Асқар Жумашевни мен шоирлар шеърларида келтирганидек, жаҳон уруши йилларида душманларнинг танкларига, қуроллардан отилган ўқларига кўксини тутган кўк эман дарахтига ўхшатаман. Кўк эман шохлари синса ҳам, ерга қуламасдан танасини тик ушлаб туради. Шохларидаги япроқлар она Ватанга чирой бағишлабгина қолмасдан, балки атрофга тоза ҳаво ҳам таратади, дарахтнинг соясида эса одамлар нафас олади. Ҳа, Асқар оға шундай таърифга лойиқ.
Полат Утениязов,
Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот
институти катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА