Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида овчилар жамоат бирлашмалари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, овчилар жамоат бирлашмаларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тегишли давлат органларига кўмаклашиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича замонавий услублар жорий этилади.

Бунда қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади: 

овчилик хўжаликлари ва уларга туташ бошқа ҳудудларда шубҳа уйғотувчи шахсларнинг бўлишини, улар томонидан қурол-аслаҳа, гиёҳвандлик воситалари, бошқа тақиқланган ашёларни олиб ўтиш ёки яшириб қўйиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа ҳолатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича ваколатли давлат органларига амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятни янада кенгайтириш;

фуқароларни ов қуроли билан муомалада бўлиш ва ундан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш;

спортнинг ҳарбий-амалий турларини (стендга ўқ отиш, овчилик биатлони) ривожлантиришда, ушбу спорт турлари билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани яратишда, шунингдек, овчилик- спорт клублари тизимини шакллантиришда иштирок этиш;

спортнинг ўқ отиш турлари бўйича иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, тайёрлаш ҳамда ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этишда спорт ташкилотларига яқиндан кўмаклашиш.

Қарор билан овчилик назорати жамоатчи инспектори фаолиятини ташкил этиш тартиби, овчилик назорати жамоатчи инспекторлари таркибини шакллантириш мезонлари ва овчилик назорати жамоатчи инспекторининг ваколатли давлат органларига амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи Овчилик назоратининг жамоатчи инспектори тўғрисидаги намунавий низом;

қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича махсус қисқа муддатли ўқув курсларига қабулни ташкил этиш ҳамда ўқув юкламаси ҳажмини белгилаш, ўқув курсларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва якуний имтиҳонларни ўтказиш ҳамда ўқув курсларини тамомлагани тўғрисида гувоҳномалар бериш ва уларнинг реестрини юритиш тартибини назарда тутувчи қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус ўқув курслари тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

 ЎзА