Боку шаҳрида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев ҳамда Озарбайжон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Саҳил Бабаев билан учрашув бўлиб ўтди

Учрашувда жорий йилнинг 20 октябрида Тошкентда эришилган келишувларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ҳамда икки мамлакат вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Озарбайжон меҳнат вазири жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи юқори савияда ташкил этилгани ҳақида тўхталиб, ушбу сафар давомида Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига боргани ҳамда ишсиз аҳолини касбга ўқитишни ташкил этиш бўйича Ўзбекистонда яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилгани учун самимий миннатдорлик билдирди.

–Юртингиздаги ишсиз аҳолини касбга ўқитишни ташкил этиш бўйича амалга ошираётган чора-тадбирларингиз кўлами, мономарказларда яратилган шарт-шароитлар, бандликни таъминлаш бўйича тизимли хизмат кўрсатиш менда катта таассурот қолдирди, –деди Саҳил Бабаев. – Биз ушбу тажрибани Қорабоғда касб-ҳунарга ўқитиш марказини қуриш ва ишга тушириш жараёнида қўллашни истаймиз, унинг концепцияси яқинда ишлаб чиқилган.

Учрашув якунида  меҳнат муносабатларини тартибга солиш, шаффофликни таъминлаш орқали текширишларни ташкил қилиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини мониторинг қилишнинг инновацион усулларини жорий этиш борасида икки томонлама келишувларга эришилди.

Томонлар аниқ чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш бўйича “Қўшма йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишиб олдилар.

Шунингдек, барқарор ва тезкор ижтимоий таъминот агентлигига ташрифи давомида делегация аъзоларига 140 дан ортиқ хизмат кўрсатиш турлари бўйича Озарбайжон тажрибаси тақдим этилди.

Бу ерда бандлик, ижтимоий ҳимоя, имтиёзлар, шу жумладан, стипендия ва пенсия таъминотига оид барча хизматлар “Ягона дарча” тамойили асосида тақсимланади.

Озарбайжоннинг ушбу тажрибаси асосида Ўзбекистонда бандлик соҳасида комплекс рақамли хизматлар кўрсатиш марказини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА