“Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида “Ўзбекистон давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш” дастури совриндорларини тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Тантанали тадбирда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, масъуллари, давлат фуқаролик хизматчилари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Айтиб ўтиш керакки, давлат бошқаруви ва давлат фуқаролик хизмати самарадорлигини ошириш, бу борада илғор чет эл тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати билан ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Маълумот учун: 2022 йил 11 апрелда Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш тўғрисида англашув меморандуми имзоланган.

Анжуманни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов тадбирда Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий жаноблари ва бошқа ҳукумат вакиллари иштирок этаётганини қайд этди. БАА Яқин Шарқ минтақасида Ўзбекистон учун энг муҳим шериклардан биридир. Ўтган қисқа вақт ичида икки томонлама муносабатлар кенг қамровли ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Бу жараёнда эришилган келишувлар амалда рўёбга чиқарилмоқда. Бунга давлатларимиз раҳбарлари – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва БАА Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён мустаҳкам асос яратиб берган.

БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар ривожланиб бораётганини қайд этди. Бугун стратегик шериклик самарасини нишонламоқдамиз ва биз бундан мамнунмиз. Давлат органлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган самарали ҳамкорлик мамлакатларимиз тараққиётида акс этмоқда. Эришилаётган ютуқларда мамлакатларимиз Президентларининг ўрни ва роли ҳамда қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутаётир. Айниқса, Ўзбекистон дунёнинг янги келажагини ёзиш йўлидан бормоқда. Мамлакатингизни янги ютуқлари билан табриклайман.

– Давлат бошқаруви ва давлат фуқаролик хизмати самарадорлигини ошириш соҳасида БААнинг ривожланиш тажрибаси асосида “Ўзбекистон давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш” дастури ишлаб чиқилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Севара Зокирова. – Лойиҳа Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан БАА Бош вазири офиси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Дастур мамлакатда давлат бошқаруви ва давлат хизмати самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган бўлиб, мамлакатнинг миллий ривожланиш дастури, соҳавий стратегияларнинг ижросини таъминлашда юқори кўрсаткичларни қайд этган давлат органлари ва давлат хизматчиларини муносиб рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади.

Дастурда жорий йилнинг август ойида 17 та вазирлик ва 70 нафардан ортиқ вазирлик ходимлари 8 та номинация бўйича иштирок этди. Тақдим этилган анкеталарни Дастурга мувофиқ баҳолаш мақсадида БААдан 36 нафар малакали мутахассис-асессор жалб қилинди. Улар вазирликларга чиқишди, Давлат бошқаруви академиясида интервьюлар ташкил этди. Баҳолашда стратегик мақсадларни амалга ошириш, қадриятлар, ресурсларни яратиш имкониятлари инобатга олинди.

“Намунали вазирлик” номинациясида Адлия вазирлиги 1-ўрин, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2-ўрин, Рақамли технологиялар вазирлиги 3-ўринни эгаллади.

“Стратегик мақсадларни амалга оширишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1-ўрин, Рақамли технологиялар вазирлиги 2-ўрин, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 3-ўринни заб этди.

“Функция, хизмат ва инновацияларни амалга ошириш” номинациясида Адлия вазирлиги 1-ўрин, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2-ўрин, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 3-ўрин бўлди. .

“Интеграциялашган механизмлар соҳасидаги намунали вазирлик” номинациясида Адлия вазирлиги 1-ўрин, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2-ўрин, Маданият вазирлиги 3-ўринни олди.

“Энг яхши ташаббус” номинациясида “Ай-Ти парк” ташаббуси билан мазкур парк ижрочи директори Абдулаҳад Қўчқоров 1-ўрин, “Ёшлар технопарки” ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Шаҳлохон Турдиқулова 2-ўрин, “АКИС-қишлоқ хўжалиги хизматлари” ташаббуси билан Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев 3-ўрин соҳиби бўлди.

“Энг яхши лойиҳа” номинациясида “Қишлоқ хўжалиги холдингларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш” лойиҳаси билан Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров, “Аму-Бухоро ирригация тизимини қайта тиклаш” лойиҳаси билан Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси билан Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов ғолибликни қўлга киритди.

Бундан ташқари, тадбирда индивидуал номинациялар ғолиб ва совриндорлари ҳам аниқланди. Бунда намунали вазир ўринбосари, намунали бошқарув ходими, мурожаатлар билан ишлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича намунали ходим, намунали ихтисослашган ходим, намунали ҳудудий бошқарма ходими аниқланди.

Ғолибларга ҳамкорларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Норгул Абдураимова,

Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА