Дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги йилдан-йилга янада ривожланиб, янги амалий мазмун билан тўлдирилмоқда. Ҳар томонлама стратегик шериклик даражаси юксалаётир.

Давлатларимиз раҳбарларининг мунтазам мулоқот олиб бориши, ўзаро ташриф ва учрашувлари натижасида халқларимиз ўртасида турли соҳалардаги алоқалар мутлақо янги босқичга чиқди.

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь билан бўлиб ўтган учрашувида айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликда ижобий кўрсаткичлар қайд этилиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми (жорий йил январь-август ойларида) 36 фоизга ўсди.

Кўрсаткичларни янада ошириш учун имкониятлар етарли экани, нафақат ҳукуматлар даражасида, балки ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини ҳам янада кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Парламентлараро алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг амалий механизми эканлигидан келиб чиқиб, Олий Мажлис ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш, бунинг учун фаол саъй-ҳаракатларни олиб бориш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Мулоқот давомида фан, таълим ҳамда маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Н.Абдураимова, ЎзА