Жаҳон савдо ташкилоти сайтида “Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига янги суръат бермоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Маълум қилинганидек, ушбу масала бўйича ишчи гуруҳ сўнгги йиғилишида аъзо давлатлар республика ҳукуматининг ташкилотга қўшилиш бўйича музокарани илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракати фаоллашганини юқори баҳолади.

“Катта делегация иштироки Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш истагига қатъий ва жиддий содиқлигини акс эттиради”, дея баёнот берди ишчи гуруҳ раиси, Корея Республикаси элчиси Юн Сон Док. Элчи, шунингдек июнь-октябрь ойлари давомида мамлакат йиғилишга музокарани жадаллаштиришга қаратилган бир қатор янги ҳужжатлар тақдим этганини ҳам таъкидлади.

Муаллиф қайд этишича, ЖСТ бош директори ўринбосари Сянчен Чжан ишчи гуруҳга мурожаатида институционал ўзгаришларни, ички мувофиқлаштирув ҳужжатлари ва тақдим этилган бошқа қўшимча материаллар қўллаб-қувватланганини айтган. Хусусан, ЖСТ қоидаларига мувофиқликни таъминлаш учун қонун ҳужжатларини кўриб чиқиш механизми институционаллаштирилишига юқори баҳо берган.

Ўзбекистон ишчи гуруҳнинг сўнгги йиғилишидан буён Грузия, Мўғулистон, Нигерия, Туркия ва Саудия Арабистони каби беш аъзо мамлакат билан икки томонлама битимлар имзоланиши ҳақида маълумот берган. Шунингдек, бозорларга кириш бўйича икки томонлама музокара доирасида 31 аъзо билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда.

“Ўзбекистон миллий қонунчиликни ЖСТ қоидалари билан уйғунлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатни, жумладан, Адлия вазирлиги ҳузурида Миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари билан уйғунлаштириш бўйича янги бўлим ташкил этиш асносида сезиларли даражада фаоллаштирди”, деб ёзган манба.

ЎзА