Нукусда “Йил аёли” ҳамда “Гендер тенглик фаоли” миллий танловлари Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилаётган эътиборни таъкидлади.
Юртимизда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида ўтган йили қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 60 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланиб, тижорат банклари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 26 минг 139 нафар хотин-қизга жами 435 миллиард сўмлик кредит ажратилиб, 9 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди. 5 минг 583 нафар хотин-қизга 22 миллиард 656 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилди.
Жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ҳар жиҳатдан ибратли хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ва жамоатчиликка етказиш мақсадида “Йил аёли” ҳамда “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларини ўтказиш анъанага айланиб бормоқда. Жорий йилда “Йил аёли” миллий танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 48 нафар хотин-қиз иштирок этган бўлса. “Гендер тенглик фаоли” миллий танловида иштирокчилар 6 та асосий ва 4 та қўшимча номинация бўйича аниқланди.
–Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Шуманай туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаби директори, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” номинацияси соҳибаси Замира Алланиязова. –Ўқувчиларга иккита хорижий тил ва касб-ҳунар ўргатишга доир лойиҳамизга “Очиқ бюджет” ахборот порталида овоз бериш натижаси бўйича 1 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилиб, қаровсиз қолган устахонада таъмирлаш ишлари олиб борилди ва зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Тадбир якунида турли номинациялар бўйича ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди ва улар миллий танловларнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари