ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги 17-умумтаълим мактабида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Нукус шаҳар Кенгаши томонидан “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танлови ўтказилди.
Танлов ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимини, ақлий тафаккури ва маданиятини ривожлантириш, Конституция ва амалдаги қонун ҳужжатларига оид билимини аниқлаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадига қаратилган.
Танловда касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар ҳамда олий таълим даргоҳлари тасарруфидаги академик лицейларнинг 2-босқич ўқувчилари иштирок этиб, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциялари, амалдаги давлат қонунлари ва “Адолат” СДП устави, сайловолди дастурлари бўйича ўз билимини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, Нукус шаҳар 1-касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Молдир Мирзабекова биринчи, Нукус давлат педагогика институти тасарруфидаги академик лицей ўқувчиси Дилбар Муродова иккинчи, Қорақалпоғистон ҳуқуқшунослик техникуми ўқувчиси Аржуманбону Болтабоева учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан тайёрланган диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА