БМТ Бош котиби ўринбосари ва чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенция ижрочи котиби Иброҳим Тиау бошчилигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясининг (UNCCD) бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида ташкил этилган ташриф чоғида делегация аъзолари Орол денгизининг қуриган тубида чўлланишга қарши курашиш ва ҳимоя ўрмон плантацияларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами билан танишди. Оролбўйи халқаро инновациялар маркази директори Б.Ҳабибуллаев меҳмонларга инновацион марказ фаолияти ҳақида ахборот берди.
Делегация аъзолари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бажарилган ишларни кўздан кечирди.
* * *
Санитария -эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Элликқалъа тумани бўлими янги биноси фойдаланишга топширилди.
Замонавий қиёфадаги янги бинода ишчи- ходимлар учун барча шароит яратилган. Бино қурилишида 4 миллиард 300 миллион сўмлик ишлар амалга оширилди.
Тадбир иштирокчилари янги бинода ишчи ходимларга яратилган шароитлар билан танишди.
* * *
Беруний тумани марказидан қарийб 40 километр олисдаги Олтинсой овулида сўнгги йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлик соҳасига берилаётган имтиёз ва субсидиялар натижасида доимий иш ўринлари яратилиб, аҳолининг иш билан бандлик даражаси ортмоқда. Жумладан, ҳудуд ҳоким ёрдамчиси томонидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида “Иззатбек-Ибратбек 777 ОК” МЧЖ томонидан озиқ-овқат ва ноозиқовқат маҳсулотлари сотуви билан шуғулланадиган дўкон фаолияти йўлга қўйилди. “Дариха-Гулбону” МЧЖ томонидан 66 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига новвойхона ишга туширилди. Натижада янги иш ўринлари яратилди.
Йил бошидан 152 нафар фуқарога 4 миллиард 75 миллион сўм имтиёзли кредит берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири