Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида ўрмон фонди ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ўрмон фонди ерлари майдонини, шундан ўрмон билан қопланган ерларни ошириш, уруғ тайёрлаш, асалари оилалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, доривор ўсимликлар етиштириш ҳажмини кўпайтириш, ўрмон хўжаликларида экотуризмни жадал ривожлантириш каби долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу қарор билан ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, уни босқичма-босқич амалга ошириш учун “Йўл хариталари” тасдиқланди. Қарор асосида ўрмон хўжалигида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос илғор хорижий тажрибага эга бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитаси ҳамда туманлардаги давлат ўрмон хўжаликлари томонидан бугунги кунда асосий эътибор давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган Орол денгизининг суви қуриган тубида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш, шу орқали ҳудудда мавжуд экологик вазиятни соғломлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли ҳаётига салбий таъсирни янада юмшатиш ишларига қаратилмоқда.
Хўжайли давлат ўрмон хўжалиги ўрмон фонди умумий майдони 153 минг 846,1 гектар бўлиб, шундан ўрмон билан қопланган майдон 1 минг 310 гектарни, суғориладиган ерлар 52,7 гектарни, кўчатхона ва ниҳолхоналар 32,7 гектарни ташкил этади.
Ўтган йиллар мобайнида Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида қум кўчиши ҳамда атмосфера ҳавосига туз-чанг кўтарилишини бартараф этиш мақсадида Мўйноқ туманида саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қоплама”лар барпо этилиши таъминланди. Маҳаллий аҳоли вакиллари билан биргаликда чўл ҳудудларида “яшил қоплама”лар барпо қилиш тадбирлари учун саксовул, қандим, қорабуроқ, черкез каби дарахт ва буталар уруғлари тайёрланиб, ниҳолхоналар ташкил этилди. Орол денгизининг қуриган тубига саксовул кўчатидан 500 гектарда ҳамда уруғидан 2 минг 363 гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ишлари олиб борилди.
Ўрмон хўжалиги ниҳолхонасида жами 25 турдаги манзарали ва мевали дарахт ҳамда доривор ўсимликлар кўчатлари етиштирилмоқда. Жорий йилда 1 миллион 80 минг дона кўчат етиштириш бўйича режа белгиланган бўлса, амалда 2 миллион 153 минг дона турли дарахт, бута ва гул кўчатлари етиштирилиб, режа ортиғи билан бажарилди.
– Тажриба хўжалигимиз умумий ер майдони 28 гектар бўлиб, бу ерда турли дарахт, бута ва гул кўчатлар ҳамда уруғлар етиштирилади,– дейди ўрмон хўжалиги раҳбари Қуўанишбай Камалов. – Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги ниҳол экиш мавсумига Хўжайли ва Тахиатош туманларидаги 40 та корхона, ташкилот ва муассаса билан шартнома имзоланиб, жами 66 минг дона кўчат етказиб берилди. Сўнгги йилларда барча ҳудудларда доривор ўсимликлар хомашёсини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб тажриба участкамизда годжи, лаванда каби доривор ўсимликлар кўчатларини етиштириш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 майдаги “Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, мелиорация объектлари атрофида қум босишига қарши ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган иҳота дарахтзорлари барпо этилмоқда. Суғориладиган қишлоқ хўжалиги экинлари дала четларида шамол эрозиясидан ҳимоялаш мақсадида ўрмон хўжалиги 19 гектар майдонида 38 минг дона турли дарахт кўчатидан ихота дарахтзорлари барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўрмон хўжалиги томонидан хусусий секторлар билан биргаликда чорвачиликни ривожлантириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда хўжалик ҳисобида 52 бош, хусусий секторлар билан биргаликда 233 бош чорва моллари боқилиб, уларнинг бош сони 285 тага етказилди.
Бундан ташқари, хусусий секторлар билан биргаликда жами 7 минг 440 бош парранда, ўрмон фонди ерларида асаларичиликни ривожлантириш бўйича 1000 та асалари оиласи парвариш қилинмоқда. Шунингдек, 61 гектар майдонда қишлок хўжалиги махсулотлари етиштирилиб, ишчи-ходимларга ҳамда аҳолига етказиб берилди. Шуларнинг ҳисобидан давлат ўрмон хўжалиги жорий йилда 702 миллион сўм қўшимча даромад олишга эришди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш мавсумида ўрмон хўжалиги томонидан 66 минг туп турли манзарали ва мевали дарахт кўчатлари етказиб бериш ишлари амалга оширилди. Шундан Хўжайли туманидаги маҳаллаларга 5 минг 800 туп, мактабгача таълим ташкилотларига 3 минг 720 туп, Тахиатош тумани маҳаллаларига 2 минг 800 туп, мактабгача таълим ташкилотларига 2 минг 790 туп манзарали кўчатлар беғараз ёрдам тариқасида бепул етказиб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳудудда экологик ҳолатни яхшилаш, Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи минтақасидан кўтарилаётган қум ва чанг зарраларининг салбий таъсирини камайтириш ишларини изчиллик билан давом эттириш ҳамда глобал иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини янада юмшатиш аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари