Нукус давлат педагогика институтида Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Биз – бир оила фарзандларимиз!” шиори остида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.

“Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида ёшлар ўртасида миллатлараро тотувлик, дўстлик ва бирдамликнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда қайд этилганидек, таълим 5 тилда олиб бориладиган мазкур олий ўқув юртида қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, рус, корейс, қирғиз, озарбайжон, башқирд, уйғур ва татар каби 11 та миллатга мансуб ёшлар мустаҳкам дўстликда таълим олмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда турли диний конфессияга мансуб 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари бағрикенглик, тинчлик муҳитида яшаб келмоқда,

Республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш учун барча шароит яратилган. Улар ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқла.

Тадбирда бугунги халқаро глобаллашув даврида қатор мамлакатларда миллий, диний ва бошқа зиддиятлар кучайиб бораётган бир паллада  юртимизда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди.

Олий ўқув юртининг “Тўмарис” ансамбли ҳамда иқтидорли талабаларнинг “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусидаги концерт дастурида меҳр-муҳаббат, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳамда миллий қадриятлар тараннум этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири