Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда мева-сабзавотни қайта ишлаш қуввати Ангор, Бойсун, Узун, Шўрчи, Қизириқ ва Термиз туманларида 5 фоизга ҳам етмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Олтинсойда 6 та сақлаш, қуритиш, саралаш ва ташиш марказини барпо қилиш, Термиз туманида Корея билан бирга 50 миллион долларлик логистика хабини ишга тушириш топширилди.

Келгуси йилдан Сурхондарё озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишдаги ташиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш тизими жорий этилади. Бунда қўшни давлатларга ташиш харажатлари ҳам қоплаб берилади, экспорт товарлари рўйхатига карам, пиёз, қизил лавлаги, ловия, мош ҳам киритилади. Бу – қўшимча 150 миллион долларлик экспорт дегани.

Ингичка толали ғўза 15 фоизгача кам сув талаб қилади, тола чиқими 10 фоиз кам ва 12-15 кун эрта пишади.

Шу муносабат билан ингичка толали пахтани қайта ишлашни 30 фоизга етказиш, ингичка толали ғўза навларини яратишда молекуляр генетика ва селекция бўйича қўшма лойиҳа ва замонавий лаборатория ташкил этиш, тупроқ-иқлим шароитига мос ингичка толали ғўза навлари майдонини 50 минг гектаргача кенгайтиришга топшириқ берилди.

 

ЎзА