Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ олтинчи ялпи мажлиси кўриб чиқилган қонунларни тарғиб қилиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов иштирок этди.
Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 12 та масала, шу жумладан, 10 та қонун муҳокама қилинди.
Жумладан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига деҳқон хўжалигини юритиш учун ажратиладиган ер участкаларининг ўлчамини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Мазкур қонун билан “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунга ҳамда Ер кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, қонунда Қорақалпоғистон Республикасида чорва озуқаси экинларини етиштириш мақсадида деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 5 гектаргача ер ажратиб берилиши белгиланмоқда. Сенаторлар томонидан ушбу қонун муҳокамаси жараёнида Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашга ва мазкур соҳада маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шу куни сенатор Б.Матмуратов, Тўрткўл тумани ҳокими Р.Шамуратов “Оқбошли” овул фуқаролар йиғинида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида иштирок этди. Сенатор мазкур овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 13-умумтаълим мактабининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, хусусан, қозонхоналарнинг ишлаши ва кўмир захираси билан танишди.
Шундан кейин “Туркистон” маҳалласида истиқомат қилувчи, ногиронлиги бўлган фуқаролар билан учрашиб, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағи ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.
Сенаторларнинг аҳоли вакиллари билан учрашуви жойларда давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири